Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор, яъни нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда иш олиб боришга кўпроқ эътибор қаратиши лозим, деди Ўзбекистон Президенти "Камолот" ташкилотининг йиғилишида. 

"Иқтидорли, тарбияли болалар билан ишлаш осон, лекин ҳаётда қоқилган ёки ёмон муҳитга тушиб қолган ёшларни тўғри йўлга, эзгу мақсадга даъват қилиш, ишонтириш қийин. Янги ташкилот (Ёшлар иттифоқи) мана шу оғир, лекин ўта зарур вазифани ўз зиммасига олиши айни муддао бўлур эди.

Биз “уюшмаган ёшлар, уюшмаган ёшлар”, деб кўп гапирамиз. Лекин бу масалани ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан ҳал қилишга келганда, очиқ айтиш керак, кўпчилигимиз нима қилиш лозимлигини билмаймиз.

Шу мақсадда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошчилигида, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида, бир илмий-амалий конференция ўтказиш ўринли бўлур эди. Унда уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳар томонлама асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш зарур, деб ўйлайман. Бу вазифа Давлат маслаҳатчилари О.Муродов ва Р.Комиловга топширилади.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратишни истардим.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жаҳон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросига ҳурмат, унга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш, бу бебаҳо бойликни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган мазмундор, таъсирчан лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатиши нур устига нур бўлур эди. Ҳозирча бу борада ёшлар ташкилотининг ишини қониқарли деб бўлмайди.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, ёш авлод ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши лозим.

Маълумки, тарихда халқимиз орасидан кўплаб буюк саркардалар етишиб чиққан. Ана шундай мард ва фидоий аждодларимизнинг ҳарбий соҳадаги бой мероси, мардлик ва жасурлик фазилатлари ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Айниқса, Соҳибқирон Амир Темур бобомиздек – у зот биронта жангда мағлуб бўлмаган – енгилмас саркарда ва давлат арбоби жаҳон тарихида камдан-кам топилади. Ўз яқинлари, замондошлари бу улуғ сиймони Темурбек деб атаган эканлар. Мен шу ҳақда ўйлаганимда, бир фикр хаёлимдан ҳеч кетмайди. Юртимизда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном берсак, нима дейсизлар?

Бу масала бўйича Бош вазир А.Арипов Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, мудофаа вазири Қ.Бердиевга бир ой муддатда таклиф киритиш вазифаси топширилади", - деди давлат раҳбари.