«Машинасозлик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» ҳарбий-саноат комплекси АЖнинг 49 ёшли ходими Вячеслав Тиц ракета ташувчи блокларининг Қозоғистоннинг Қарағанда областида қулаши натижасида пайдо бўлган ёнғинда жабрланиб, касалхонада вафот этган.

14 июнь куни «Бойқўнғир» космодромидан «Прогресс МС-06» транспорт космик кемаси билан «Союз-2.1а» ракета ташувчиси учирилган. Ракета парвози аввалига штатли режимда ўтган. 117-сонияда унинг биринчи босқичи ажралгач, унинг қисмлари белгиланган ҳудудга қулаган.

Бунинг натижасида даштда ёнғин келиб чиққан ҳамда жазирама ва кучли шамол туфайли 10 минг гектар майдонга тарқалган.

Натижада Қозоғистоннинг икки нафар фуқароси жабрланган. Улардан бири воқеа жойида вафот этган, юқорида тилга олиб ўтилган механик-чилангар Вячеслав Тиц эса Жезқазған шаҳри касалхонасига етказилган эди.

Қозоғистон ва Россия томони ушбу воқеадан сўнг ракета ташувчиларнинг республика ҳудудида қулашидан инсонлар жабр кўришининг олдини олиш борасида комплекс чоралар кўриш кераклигига келишиб олишди.

«Бундай ҳодисаларнинг қайтарилишининг олдини олиш мақсадида россиялик ва қозоғистонлик мутахассислар томонидан бир қатор чоралар кўрилади. Хусусан, ракета ташувчиларнинг ажралувчи қисмлари қулайдиган ҳудудлардаги вазият мониторингига Ернинг масофадан туриб зондлаш воситалари жалб қилинади, ракета-космик техникалар қисмини ўз вақтида ахтариб топиш мақсадида ҳудудлар ракета учирилишидан аввал кейин суратга туширилади.

Ҳудудни парвоздан кейин осмондан текшириш ишларида таҳдид солувчи эҳтимолли омилларни аниқлаш учун Россия корхоналари учувчисиз учар аппаратлардан ҳам фойдаланишади.

Шунингдек, россиялик мутахассислар билан бирга Қозоғистон ИИВнинг фавқулодда ҳолатлар қўмитаси ва аэрокосмик қўмитанинг кучларидан фойдаланиш назарда тутилган.

«Машинасозлик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» ҳарбий-саноат комплекси АЖ вакиллари эса ер усти қидрув гуруҳини қўшимча ёнғинга қарши ва махсус техникалар билан таъминлашади.