Қувада 100 фоиз фойдали бўлган анор шарбатлари ишлаб чиқарилади

Жамият 01 Июль 2017 6070

Қувалик миришкор-тадбиркорларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу йил туманда 50 миллион туп мевали ва манзарали кўчат етиштирилди. Бу ҳазил гап эмас. Азал-азалдан қуваликлар боғ яратиш мактабини бутун республикага ўргатиб келишади. Масалан, туманда анорчиликка 30-йилларда асос солинган бўлса, бугунги келиб тажрибали боғбон Мастурахон Сайфутдинова етакчилигида Қува дашт-адирлари, тошлиқ ерларига анор кўчатлари экилиб бу соҳада янгича босқичга киришилди.

Бугун Қува-Фарғона-Марғилон йўллари, Қува-Шаҳрихон-Марҳамат йўлларида қуваликларнинг яратувчанлик мўъжизаларига гувоҳ бўласиз. Ҳа, битта уруғни ерга қадаб, уни кўкартириб, пайвандлаб, мевали кўчатга айлантириш учун ҳам катта сабот, меҳнатга ижодкорона ёндашув керак.

Қува тумани Фарғона водийсининг чинакам дурдонасидир. Бу ернинг деҳқонлари меҳнатсеварлиги билан ном қозонган. Айниқса, анор етиштириш борасида уларнинг олдига тушадигани йўқ. Шу боис Қува анорлари нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам маълум ва машҳур. Айни пайтда тумандаги “Анор” ихтисослаштирилган агрофирмаси таркибидаги 150 дан зиёд фермер хўжалигида ушбу куз неъматининг 30 дан ортиқ тури парваришланаяпти.

Эътиборлиси, етиштирилган ҳосилнинг ички эҳтиёждан ортган қисми Корея, Россия сингари мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Айниқса, бу борада тажрибали Мастурахон опа Сайфуддинова етакчилик қилаётган фермер хўжалиги аъзоларининг ҳиссаси катта бўлди. Жамоа Каркидон қирларида яратган анорзордан мўл ҳосил олиш истагида. Келгуси йилларда яна 2 минг гектар майдонга ўтқазилган кўчатлар ҳам мева бера бошлайди.

Бу йил Қува туманидаги “Фарғона анорзори” масъулияти чекланган жамиятида 50 гектарда янги анорзор барпо этилган. Анорзор қатор ораларига помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа сабзавотлар, дуккакли экинлар экилган.  Агрофирма томонидан келгуси йилларда анорзорларни 2 минг гектарга, ҳосилдорликни 30 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда. Президентимиз Фарғонадаги ташрифи чоғида Қува ва Дашнобод анори дунёга машҳур экани, ҳар иккала навнинг ўзига яраша хусусиятлари мавжудлигини таъкидлади. Анор чиқитсиз маҳсулот бўлиб, пўстлоғидан кимё саноатида ранг олишда, фармацевтикада хомашё сифатида фойдаланиш мумкин. Вилоятда анорзорларни кенгайтириш ва ушбу маҳсулот экспортини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилган эди. Бу борада Мастурахон опа Сайфуддинова аллақачон ҳаракатни бошлаб юборган. 

Мастурахон опа Сайфуддинова ташаббусига кўра, хориждан шарбат ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги технология олиб келинади. Эндиликда табиий ва 100 фоиз фойдали бўлган анор шарбатлари Фарғона вилоятининг Қува туманида ишлаб чиқарилади.   

Аҳрор Зиё, Фарғона

Кўпроқ янгиликлар