Таниқли профессор: «Биноларни қуришда зилзилага бардошлилик иккинчи даражага қўйилмоқда»

Жамият 01 Июль 2017 8555
Фото: Gazeta.uz

Тошкент архитектура-қурилиш институтининг “Қурилиш механикаси ва иншоотлар сейсмобардошлиги” кафедраси профессори, техника фанлари доктори Қобул Абдурашидов 18 та китоб ва 300 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади. Профессор Газета.uz билан суҳбатда бир қатор қизиқ саволларга жавоб қайтарди.

Фото: Gazeta.uz

Унинг айтишича, зилзилаларни аввалдан башорат қилишда форшоклар муҳим ўрин тутади. Бироқ бугунги кунда ер силкинишини аниқ башорат қилиш имконсиз, ҳамда бунинг узоқ муддатли истиқболда имконияти бўлмайди. Зилзила жараёнининг ўзи жуда мураккаб жисмоний ҳодиса бўлиб, уни моделлаштириш мушкул. Шу билан бирга, табиий офатлар статистикаси таҳлили зилзилалар сони кўпайиб бораётганини кўрсатди. Бу сейсмик фаолликни моделлаштириш, башорат ва мониторинг қилиш бўйича максимал даражада самарали услубларни ишлаб чиқишни талаб этади. Япония, Италия, Греция ва АҚШда юзлаб лаборатория ҳамда илмий марказлар бу муаммо устида ишламоқда.

Профессорнинг сўзларига кўра, XXI асрда йирик шаҳарлар ва аҳоли зич жойлашган минтақалардаги кучли зилзилалар барқарор ривожга таҳдид саналади. Айниқса у демографик ўсиш, урбанизация, инфратузилмалар зичлашиши ҳамда йирик иншоотларнинг кўпайиши туфайли катта хавф туғдиради. 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланиб, юқори сейсмик хатар зонасида жойлашган. Бундан ташқари, мамлакат аҳолисининг 80 фоизга яқини сейсмик хатар зонасида яшайди. Кўплаб йирик саноат объектлари Фарғона водийси, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги сейсмик хавфга эга зоналарда жойлашган.

Фото: Gazeta.uz

Унинг айтишича, сейсмик станциялар иши сифати ва сонини жиддий ўйлаб кўриш керак. Бу станциялардаги ускуналарнинг аксарияти эскиргани айтилди.

“Бизнинг давлат учун фуқаролик ва саноат объектлари, жумладан турар жой уйлари сейсмобардошлигини яхшилаш муҳим вазифа саналади. Афсуски, сўнгги 10-15 йилда иқтисодиётимизнинг архитектура-қурилиш соҳасида бундай кўрсаткичларнинг ёмонлашиши кузатилмоқда. Турли конструкциялар ва биноларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда сейсмобардошлик иккинчи даражага қўйилмоқда. Бинолар ҳамда бошқа иншоотлар сейсмобардошлигини баҳолаш бўйича аниқ, самарали тизим ҳамда жавобгар ташкилотлар бўлиши лозим. Бу эҳтимолий кучли зилзилалардан хавфли бузилишлар хатарларни самарали бошқариш имконини беради”, - дейди Қобул Абдурашидов.

Унинг айтишича, республикада сейсмология бўйича кадрлар тайёрлашга оид манзилли дастур йўқ. Бинолар сейсмобардошлиги бўйича кадрлар фақатгина ТАҚИда тайёрланади. Бироқ ўқув лабораториялари учун замонавий асбоб-ускуналарнинг йўқлиги сабаб, ўқув жараёни сифатини яхшилаш талаб этилади. Шунингдек, республикадаги илмий ускуналар жуда эскиргани айтилди. Бу борада ривожланган давлатлардан 30-35 йилга ортда қолинаётган экан.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, сейсмология ва бинолар сейсмобардошлигини баҳолаш бўйича замонавий ускуналарга эга ягона марказ фақатгина Турин политехника университети ҳузуридаги сейсмология ва бинолар сейсмобардошлиги Марказидир. Бироқ, у асосан ўқув мақсадларида ишлатилиши айтилди.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 31916 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 69336 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 9495 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 131812 Жамият
Ҳиндистондаги темир йўл фалокати қурбонлари сони 20 кишига етди
21:58 17 Жаҳон
Испания Франция билан чегарасида назоратни кучайтиради
21:53 22 Жаҳон
АПЛ. «Ливерпуль» қийин ғалабани қўлга киритди, 
21:50 237 Спорт
Олий лига. Бир дербида дуранг, бошқасида йирик ҳисоб, «Қизилқум» етакчилардан бирини енгди
21:35 751 Спорт
Ўзбекистондаги Police мотоцикл гуруҳлари​ фаолиятига ойдинлик киритилди
Рио-2016​ олимпиадасидан бир йил ўтди. Шаҳар бугун ачинарли ҳолатда
21:15 4384 Спорт
Кўпроқ янгиликлар