Тошкентда ёш йигит Юнусобод туманининг Марказ-4 мавзесида тенгдошлари томонидан калтакланганидан сўнг вафот этди. Ҳодиса 28 июнь куни кечқурун юз берган. Бу ҳақда Кун.uz’га Тошкент ИИББ Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев маълум қилди

Аввалига Акмал Абдураҳмонов исмли йигитнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида турли ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, Facebook’даги гуруҳлардан бирида гувоҳларнинг ёзишича, Акмал Тошкент шаҳридаги 1-юридик коллежининг 2013 йилги битирувчиси бўлган. У ҳодиса юз бергач, 4 соатлик жарроҳлик амалиётидан ўтказилган, бош мияси қаттиқ шикастланган. Шу билан бирга ижтимоий тармоқда айбланувчилар унга фақатгина бир бора зарба беришгани, унинг ўзи йиқилиб тушганини маълум қилишгани айтилади.

Кун.uz манбасининг хабар беришича, воқеа тунги 21:30-22:00 атрофида бўлиб ўтган. Спорт кийимидаги болалар марҳум билан гап талашиб қолишади ва ўртада низо келиб чиқади. Улар Акмалга ҳужум қилишади, йигит ҳушсиз ерга қулайди.   

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилган. Кейинчалик иш 104-модда 3-қисмга ўзгартирилди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш). 

Таъкидланишича, Юнусобод тумани Ички ишлар бошқармаси тергов-тезкор гуруҳи ушбу иш бўйича тергов олиб бормоқда. Гумонланувчилар исми ва сони ҳозирча ошкор этилмайди. 

Эслатиб ўтамиз, П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг 1999 йилда туғилган, 17 ёшли талабаси Жасур Ибрагимов ўз курсдошлари томонидан калтакланганидан сўнг 1 июнь куни оламдан ўтганди.