Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев ўз саҳифасида жорий йилнинг 24-25 июнь кунлари Тошкент-Урганч йўналишида чипта сотиб олиш бўйича билдирган эътироз ва мулоҳазалари “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти маъмурияти томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва Ўзбекистон темир йўллари сайтида шу ҳолат бўйича маълумот берилди:

"Маълумки, 2017 йил 26 июнь куни мамлакатимизда “Рамазон ҳайити куни” деб эълон қилинди ва дам олиш куни этиб белгиланди. Шу муносабат билан байрам олди вилоятга кетувчи йўловчилар сони бир мунча ортди. Натижада, 24-25 июнь кунлари “Тошкент-Урганч” йўналишида ҳаракатланадиган поездларнинг чипталари ҳаракат кунидан олдин тўлиқ сотиб тугатилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан 27 июнь куни вилоятлардан Тошкент шаҳрига келувчи йўловчиларни жой билан таъминлаш мақсадида 26 июнь куни жўнайдиган 58-сонли “Тошкент-Шовот” поездига қўшимча 6 та “пласкарт” вагонлари уланди. Мазкур вагонлар 21-23 июнь кунлари йўналиш ҳаракати таркибига киритилди.

Аниқланишича, 26 июнь куни жўнайдиган 58-сонли “Тошкент-Шовот” поездининг қўшимча уланган 6 та вагонига умумий 31 та чипта сотилиб, шундан 21 та чипта “Тошкент-Навоий-Учқудуқ-Урганч” йўналишлари бўйича, 5 та чипта “Жиззах-Урганч” йўналиши бўйича ва 5 та чипта “Самарқанд-Урганч” йўналиши бўйича расмийлаштирилган. 

Facebook фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев постида келтирилган чипта сотувчининг муомаласи ва навбатчининг масъулиятсизлиги бўйича билдирилган фикрлар ҳам чиптахоналарда ўрнатилган видео камералар орқали ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ҳолат постда келтирилган фикрлар каби ўта кескин бўлмаса-да, ходимларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилди.

Ҳозирги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, ишларни янада такомиллаштириш, йўловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Бош директорининг виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда. Ҳурматли йўловчилар, барча мурожатларингизни uzrailpass.uz веб-сайти орқали виртуал қабулхонага йўллашингиз мумкин".