Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ашхободда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашиб, Ўзбекистонни яна бир марта Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон (ТАПҲ) лойиҳасига қўшилишга таклиф этган. Бу ҳақда «Туркмандавлатхабарлари» давлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Туркманистон Президенти ўзининг 60 ёшлик юбилейига Ўзбекистон номидан табрик ва эзгу тилаклар учун ташаккур билдириб, туркман-ўзбек муносабатларининг дўстона, яхши қўшничиликка асосланганлиги ҳеч қачон ўзгармаслигини мамнуният билан қайд этган.

«Ўзбекистоннинг Марказий Осиё — Яқин Шарқ халқаро йўлаги (Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Уммон)да иштирок этишга тайёрлигини қўллаб-қувватлаб, Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ишбилармон доираларни қурилиши амалий босқичга кўтарилган Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувурида иштирок этишга, шунингдек, Каспий денгизи шельфида нефть-газ конларини ишга туширишга таклиф этди», — деб ёзади агентлик.

Йиллик газ ўтказиш қобилияти 33 млрд. метр куб бўлган ТАПҲ газ қувури Туркманистоннинг жанубидаги Қалқиниш конидан Ҳиндистонннинг Фозилка шаҳригача давом этади ва умумий узунлиги 1814 километрдан иборат бўлади.