1 июлда Москвадаги "Россия" концерт залида россиялик Александр Поветкин ва украиналик Андрей Руденко ўртасида бокс жанги бўлиб ўтди. Жангга WBO ва WBA йўналишлари бўйича интерконтинентал чемпион камарлари тикилган эди.

12 раунд давом этган жанг натижаларига кўра, Поветкин очколар бўйича ғолиб бўлди. Жанг қуйидагича ҳисобда якунланди: 120:109, 120:108, 120:108. 

Бу ғалаба россиялик боксчининг ўтган йил охирида у билан содир бўлган допинг-можародан кейинги биринчи ғалабаси бўлди.

Энди икки камар россияликка ўтди. Жангнинг ўзи эса ёрқин муҳитда ўтди. Мухлислар орасида режиссёр Никита Михалков, ҳайвон ўргатувчи Эдгард Запашний ва актёр Гоша Куценко каби таниқли кишилар бўлди.

Жанг олдидан Россия ва Украина ўртасидаги мураккаб муносабатлар сабабли сиёсий характердаги иғволар бўлиши мумкинлигидан баъзи хавотирлар бўлган. Бироқ хавотирлар ўринсиз бўлиб чиқди ва барчаси осойишта ўтган. Россиялик мухлислар украиналик спортчини худди ўзлариникидек қизғин кутиб олишди ҳамда залдагиларнинг кўпчилиги Украина мадҳияси янграганда уни туриб қаршилади. 
 
"Мен бирор иғво бўлишидан хавотирланаётгандим. Бироқ ҳаммаси яхши ўтди. Андрей Руденко жуда ёқимли инсон, у билан муносабатларимиз яхши ва мен жанг сиёсий тус олишини истамагандим. Ҳаммаси ўзаро ҳурмат асосида кечди", деб айтди "Мир бокса" промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский.

Қайд этиш жоизки, 1-раунд ўрталарида кутилмаган ҳодиса юз берди. Поветкиннинг ҳужуми ва клинчидан кейин украиналик бўйни соҳасида оғриқ ҳис қилаётганидан шикоят қилган ва жанг бирозга тўхтаб қолган. Спортчи шифокор томондан кўриб чиқилган, ҳакам эса жанг супервайзерлари билан маслаҳатлашувлар ўтказа бошлаган, бу орада мухлислар ушбу вазиятдан норозилик билдириб, ҳуштакбозлик қила бошлашган, чунки улар жангдан ҳақиқий шоуни кўриш истагида эдилар.

Бироқ Руденко мураббийи билан маслаҳатлашгач, жангни давом эттиришга қарор қилган ва бу трибуналар томондан олқишлар билан қаршиланган.