2017 йил 1 июль куни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтига И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор Максименко Александр Фёдорович ва институтгача тайёрлов ўқув-илмий маркази декани, профессор Пирожков Виктор Григорьевич ҳамда мазкур олийгоҳнинг Тошкентдаги филиал раҳбари Магрупов Абдулла Махмудовичлар ташриф буюришди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси вакили Аброр Муртазаев Кун.uz’га хабар бермоқда.  

Ташриф давомида россиялик меҳмонлар мазкур олийгоҳда келгусида ўқиш истагини билдирган Қашқадарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган 2000 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлар орасидан танлаб олинган 800 га яқин энг иқтидорли ўқувчини олий даргоҳга киришлари учун янгидан ташкил этилган “Махсус тайёрлов ўқув курси” фаолияти билан яқиндан танишишди. 

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ универисиетининг вакиллари, Қашқадарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти профессор-ўқитувчилари, “Нуристон” академик лицейи, Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда, ўқувчиларни мазкур “Махсус тайёрлов ўқув курси”да олиб бориладиган ўқув жараёни, ўқув меъёрий ҳужжатлар ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама этилди. 

Сўнгра россиялик меҳмонлар Қарши шаҳридаги “Нуристон” академик лицейида ташкил этиладиган ўқув курси учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетида келгусида ўқиш истагини билдирган Қашқадарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан танлаб олинган иқтидорли ўқувчилар Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ҳамда Косон педагогика-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ҳам “Махсус тайёрлов ўқув курси” да ўқувчиларни ўқитиш масалалари келишиб олинди.