Виртуал қабулхона ходимлари Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчасидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни жойида ўрганиш мақсадида бевосита хонадонларга ташриф буюришди. Ғафур Ғулом кўчасидаги бир қатор оилаларнинг аҳволи ўрганилаётган пайтда 1978 йилда туғилган Элла Дугина хонадони ва яшаш шароити барчанинг эътиборини тортди. Facebook'даги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида шу ҳақида маълум қилинди

Маълум бўлишича, Элла Дугинанинг турмуш ўртоғи яқин кунларда Россияга кетган. Қайнотаси эса қоровул бўлиб ишлайди. "Айниқса, Элланинг 11 нафар вояга етмаган фарзанди – 7 қиз ва 4 ўғли борлиги кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Биринчи фарзанди 12 ёшда, кенжатойи эса ҳали 1 ёшга ҳам тўлмаган. Яна қизиғи, Элланинг тўнғичи 2004 йилда, иккинчи фарзанди 2005 йили, учинчиси эса 2006 йилда, барчалари ноябрь ойининг 18-санасида туғилган", - дейилади манбада.

Дугина кўп болали бўлишига қарамай, шу пайтгача бирон марта маҳалла фуқаролар йиғинига моддий ёрдам сўраб келмаган. Ушбу хонадон аъзолари ўзларига тегишли бир парча ҳовлида деҳқончилик, асаларичилик, чорва моллари, қуён, товуқ боқиш билан шуғулланиб, рўзғорини обод қилиб келмоқда. Жажжи болакайлар онасига кўмакчи, қўлларидан келганча уй юмушларини бажаришади.

Ҳозирда Элла Дугинанинг қайнотаси 3 хонали таъмирталаб уйнинг 1 хонасида, оиланинг қолган аъзолари (13 киши) икки хонасида яшаб келмоқда. Оилада болаларнинг меҳнатсеварлигини ва юзларидан нур ёғилиб турганини кўрган кишининг бу оилага ҳавас қилмасдан иложи йўқ. Оиладаги файзу барака, бир-бирига меҳр, жипслик ва энг асосийси, шукроналик кайфияти инсонни бу ҳаётда нима муҳимлигини, интилаётган мақсадлари қанчалик аҳамиятга эга эканини яна бир бор жиддийроқ ўйлаб кўришга ундайди.

Меҳмонлар ушбу оилага ҳам ҳавас қилишди, ҳам қойил қолишди. Дугинага, гарчи ўзи сўрамаган бўлсада, хонадондаги мавжуд шарт-шароитни ҳисобга олиб, вояга етмаган фарзандлари учун давлат томонидан моддий ёрдам белгиланди. Улар яшаётган уйни таъмирлашга кўмаклашиш бўйича амалий чоралар кўрилди. Оила зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

"Бизга ҳеч нарсанинг зарурати йўқ, – дейди Элла камтарлик билан. – Рўзғорга керакли ҳамма нарсани ўзимиз меҳнат қилиб топяпмиз. Фарзандларим кичиклигидан меҳнат нималигини ўрганиб келишмоқда. Шунинг учун кўнглимиз ҳам, хонадонимиз ҳам обод".

Албатта, инсон учун ҳаётда энг муҳими – кўнгил ободлиги. Кўнгли обод одамлар хонадонини ҳам, мамлакатни ҳам обод қилади, файзга тўлдиради.