Хондродистрофия касаллик ташхисидан азият чекаётган 14 ёшли Мухлиса Каримжонова ниҳоят бугун жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказади. У ёшлигидан буён шу дард билан касалланиб келган. Оила аъзолари уни кўп шифокорларга кўрсатишган. 

Гап шундаки, жорий йилнинг 16 май куни Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони “Дўстлик” МФЙ Навбаҳор кўчасида истиқомат қилувчи Нуритдиновлар оиласи бугун 14 йил аввал ташхис қўйган шифокорнинг хатоси-ю, қонунан ҳақли бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишга тўсқинлик қилган банк ходимларининг қилмишидан азият чекаётгани ҳақида сўз борган материал эълон қилинган эди. Бундан мақсад, имконияти бор инсонларни мана шундай савобли ишга ундаш, яхшилик уруғини экишларига кўмаклашиш эди.

Мақола эълон қилингач, орадан кўп ўтмай саховатпеша инсонлар холис яхшилик қилиш мақсадида Мухлисанинг даволаниши учун ёрдам беришган эди. 

Бундан аввал Мухлисанинг даволаниши учун зарур бўлган маблағ ортиғи билан жуда қисқа муддат ичида йиғилгани ҳақида хабар берилган эди. Бу ўзбек халқининг нақадар саховатпеша, инсонпарвар ва яхшилик илинувчи халқ эканлигига яна бир исбот бўлди. 24 июнь куни Мухлиса онаси Феруза опа билан даволаниш мақсадида Ҳиндистонга йўл олганди.

Мана ниҳоят, Мухлиса Каримжонова Ҳиндистонда операция қилинадиган кун ҳам келди. Аллоҳдан унга операциядан яхши чиқишни ва яқинлари бахтига соғ-саломат бўлишини тилаб қолайлик.