Бавария маъмурий округи Юқори Франкония полицияси Баварияда сайёҳлик автобуси фалокатга учраши оқибатида 18 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

ЙТҲ 3 июль эрталаб Германиянинг жанубидаги А9 шоссесида юз берган. Саксониядан сайёҳларни олиб келаётган автобус юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетган. Автобусда 46 йўловчи ва 2 ҳайдовчи бўлган. 30 га яқин жабрланганлар ҳақидаги маълумот дарҳол берилган, қолганларнинг тақдири эса яна бир неча соат номаълум бўлиб қолган, улар бедарак йўқолган деб ҳисобланганлар. Қутқарувчилар омон қолганларни қидиришга вертолёт жалб қилганлар. Автобаннинг авария юз берган қисми узоқ вақтга тўсиб қўйилган.

"30 йўловчи автобусни тарк эта олган. Улар жароҳат олганлар, улар орасида оғир яраланганлар бор, улар қутқарув вертолётларида шифохоналарга етказилганлар. Қолган 18 киши ёнаётган автобусда ҳалок бўлган", дейилган полиция сайтида.

Полицияда таъкидланишича, қурбонлар орасида 66 ёшдан 81 ёшгача бўлган аёл ва эркаклар бор. Жиноят полицияси мутахассислари ва суд тиббиёт экспертлари жасадлар шахсини ўрнатиш билан шуғулланишмоқда.

Автобус ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Юк машинаси ҳайдовчисига ҳеч нарса қилмаган.

Ҳукумат ЙТҲни тергов қилмоқда. Мамлакат транспорт вазири Александер Добринтнинг айтишича, ёнғин нима учун бунчалик тез тарқалгани ноаниқлигича қолмоқда.

Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Зайберт ҳалок бўлганлар оилаларига ва жабрланганларга ўз ҳамдардлигини ва фавқулодда хизматларга миннатдорчилигини билдирган. Унинг айтишича, мамлакат канцлери Ангела Меркель автофалокат ҳақидаги хабарга "катта хавотир" билан муносабат билдирган.