Стокҳольм Тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институти (SIPRI) жаҳон ядро арсеналларига доир ҳисоботини эълон қилди. Унда таъкидланишича, гарчи дунёдаги ядро қуролларининг умумий сони қисқараётган бўлса-да, ядровий давлатлар мазкур қуролларни модернизация қилиш билан шуғулланмоқда ва яқин келажакда қуроллардан воз кеча олмайди. 

Жорий 2017 йил бошига келиб, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва КХДР – тахминан 4,15 минг оператив шай ҳолатдаги ядро қуролига эга. Жанговар каллакларнинг жами сони 14 935тани ташкил этади. 2016 йилда бу рақам 15 395 донадан иборат бўлган.

Умуман, жаҳон ядро қуроллари они қисқариши АҚШ ва Россия туфайли амалга ошмоқда. Шу билан бирга, айни шу икки давлат ҳиссасига мазкур қуроллар захирасининг 93 фоизи тўғри келади. 

Бироқ, ҳисоботда қайд этилишича, 2011 йили кучга кирган Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномага мувофиқ, ушбу йўналишдаги ишлар давом этаётганига қарамай, унинг суръатлари жуда секинлигича қолмоқда. Шу билан бир вақтда АҚШ ҳам, Россия ҳам ўзларининг ядро захираларини модернизация қилиш бўйича кенг қамровли ва қиммат турувчи дастурни амалга оширмоқда. 

Жумладан, АҚШ 2017-2026 йилларда шу мақсадлар учун 400 млрд доллар маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, яқин 30 йилда бу рақам 1 трлн долларга етиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, АҚШ 6,8 минг жанговар каллакка эга (шундан, 1,8 минг – жанговар сафда, 2,2 мингтаси - омборхонада), Россия ҳисобида 7 минг (тегишли равишда 1,95 минг ва 2,35 минг), Буюк Британия - 215 (120 ва 95), Франция - 300 (280 ва 10), Хитой - 270 (барчаси захирада), Ҳиндистон - 100-130 (захирада), Покистон - 100-140 (захирада), Исроил - 80 (захирада), КХДРда тахминан - 10-20 (маълумотлар очиқ манбаларда тасдиқланмаган).

Жанговар сафдаги каллаклар дейилганида ракеталарга жойланган ёки оператив кучлар базаларида сақланадиган ядровий қуроллар назарда тутилади. 

SIPRI Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва КХДР дастурлари ҳамда режаларига доир маълумотларни ҳам тақдим этган. Унда айтилишича, камроқ каллакларга эга давлатлар жанговар каллакларни етказиш қуролларига жойлашни бошлаган ёки шундай мақсадлари мавжудлигини эълон қилишган. 

Хусусан, Хитой ядро арсеналини сифатли такомиллаштириш бўйича модернизация дастурини ишга туширган. Ҳиндистон ва Покистон ўз ядро захираларини кўпайтирмоқда ва ракета тизимларини ривожлантириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. 

КХДР эса, 10-20та жанговар ядро каллагини ишлаб чиқаришга етарли бўлган ёқилғисига эга. Бундан ташқари, Шимолий Корея 2016 йили турли натижаларга олиб келган қатор синовларни ўтказди.