Россия билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга келишиб олган Ўзбекистон РФ билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш борасида илк қадамни ташлади ва келажакда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) га тўлақонли аъзо бўлишга қайтиши мумкин, деб ҳисобламоқда РФ мудофаа вазирлиги халқаро-шартномавий бошқармасининг собиқ раҳбари, генерал-лейтенант Евгений Бужинский.

Илгарироқ Россия Марказий ҳарбий округи (МҲО) қуролли кучлари қўмондони ёрдамчиси полковник Ярослав Рошчупкин 2017 йилнинг октябрида 2005 йилдан буён илк марта Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан 250 км наридаги Фориш полигони (Нурота тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида) Россия (МҲО) ва Ўзбекистон қуроллари кучлари бўлинмаларининг қўшма тактик ўқув машқлари бўлиб ўтишини РИА Новостига айтиб ўтган эди.

Ўқувлар ўтказиш ҳақида келишувга Тошкентда якунланган, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-полковник Қобил Бердиев ва Россиянинг МҲО қуролли кучлари қўмондони генерал-полковник Владимир Зарудницкий раҳбарлик қилган ҳар икки мамлакат ҳарбий делегацияларининг амалий учрашуви мобайнида эришилган.

«Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик томон илк қадам ташланди. Тикланиш томон дея олмайман, чунки собиқ иттифоқ тарқаганидан буён Ўзбекистон билан ҳеч қачон ҳарбий ҳамкорлик қилмаганмиз», — деган Бужинский.

Бужинскийнинг таъкидлашича, у ишлаган пайтларда Ўзбекистон билан «доим бирор муаммо юзага чиқиб турган». «Улар ҳарбий йўналиш бўйича ҳамкорликдан доим ўзларини олиб қочишарди. Доим тўсиқ қўйишарди. Улар бир пайтлар КХШТдан чиқишган, яна киришган, бироқ тўсиқ қўйишда давом этишган. ШҲТ (Шангҳай ҳамкорлиги ташкилоти) доирасида ҳам улар ҳарбий масалаларга тўсиқ қўйиб туришарди. Ўзбекистон томони ҳарбий йўналишда биз билан ҳамкорлик қилишга ҳеч қандай истак билдирмас эди», — деган у.

«Энди эса ҳарбий йўналишда ҳам ҳамкорлик бошланар экан, улар (Ўзбекистон) КХШТга ҳам тўлақонли аъзо бўлишга қайтса керак, деб ўйлайман. Агар улар КХШТга тўлақонли аъзо бўлса, ташкилот доирасидаги барча мажбуриятларини, жумладан, оператив чора кўрувчи коллектив кучларида (КСОР) иштирок этиши ҳам керак бўлади», — деган Бужинский.

Унинг сўзларига кўра, ҳозиргача амалий ҳамкорлик шакли кўзга ташланмаётган эди. Бунга ўқув машқлари, турли анжуманлар, ташрифлар билан алмашиш, штаб музокаралари, режаларни мақбуллаштириш, бирлашган штаблар ишида иштирок этиш кабилар киради. «Бу жуда кўп қиррали жараён. Бироқ ҳарбий машқлар — айтайлик, штаб музокараларидан кўра анча юқори нарса. Зарудницкий келишган экан, ҳеч қурса машқлар ўтадиган бўлади. Бу эса катта қадам дегани», — дея хулосалараган генерал.

Ўзбекистон илк марта 1999 йилда КХШТ аъзолигидан чиқиб, АҚШга Афғонистондаги операциялар давомида Қарши-Хонобод ҳарбий базасидан фойдаланишга рухсат берган. 2006 йилда Ўзбекистон ташкилотдаги аъзолигини тиклаган; Америка ҳарбий контингенти Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборилган.

Ўзбекистон иккинчи марта КХШТдан бутунлай чиқиб кетмаган, 2012 йил 28 июнда ташкилотдаги аъзолигини расман тўхтатиб қўйган. КХШТга аъзолик Ўзбекистонга Россиядан ҳарбий техникаларни Россиянинг ички нархларида сотиб олиш имконини берар эди.

КХШТ — минтақавий халқаро ташкилот ҳисобланади. Коллектив хавфсизлик ҳақидаги шартнома 1992 йил 15 май куни Тошкентда имзоланган. 1993 йилда унга Озарбойжон, Беларусь ва Гуржистон аъзо бўлган. Шундан сўнг Озарбойжон ва Гуржистон КХШТ таркибидан чиқиб кетишади. Айни пайтда 6 давлат ташкилот аъзоси ҳисобланади: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон.