ФИФА президенти Жанни Инфантино ўз вақтида россиялик бизнесмен Алишер Усмоновга тегишли бўлган самолётлардан фойдаланганликда айблаган.

Mail on Sunday нашри берган хабарга кўра, ФИФА раҳбари бу каби самолётлар хизматидан Милан ва Римга, Рим папаси билан учрашувга борганда фойдаланланган. «Бу Россия спортига Усмоновнинг бевосита алоқадорлигини келтириб чиқариб, манфаатдорлар ўртасида можарони юзага келтириши мумкин», деб ёзган манба.

Қайд қилинишича, ФИФАнинг бир неча аъзолари Инфантинонинг бу ҳаракатидан норози бўлиб, ёзма равишда шикоят билан чиқишган. Гап шундаки, Инфантино ташкилотни шахсий самолётларда амалга оширадиган парвозлари ҳақида огоҳлантирмаган. Бу ФИФА қоидаларининг бузилишига сабаб бўлади. Аммо ФИФАнинг этика қўмитаси бу каби кўрсатиб ўтилган айбловлар бўйича аниқ фактларни топа олмаган.

ФИФАнинг этика бўйича қўмитаси прокурори Роберт Торреснинг қайд этишича, президент Рим папаси билан учрашиш учун учган самолёт Инфантинонинг дўсти Леон Семёненкога тегишли бўлиб, у бу самолётни икки йил муқаддам Усмоновдан сотиб олганди.

«Семёненко ва Усмоновнинг алоқалари у қадар яқин эмас. Бу ҳаттоки, «манфаатлар тўқнашуви» сифатида ўрганилишга ҳам арзимайди», — дея қайд этиб ўтган Торрес.

«Самолёт 2014 йилдан буён менга тегишли. Мен ва оилам Жанни Инфантино билан бир неча йиллардан буён дўстмиз. Мен унга Милан орқали Римга учишни таклиф қилдим, сабаби ўзим ҳам махсус кечада иштирок этиш учун учиб кетаётгандим. Кейин мен Римда қолдим, уни Женевага кузатиб қўйдим. Мен бу вазиятни тушунтириш учун ФИФА тергов қўмитасига камида икки соат кўрсатма бердим», — деган Семёненко.

Мазкур баёнотларга қарамасдан, нашр самолёт Инфантино ундан фойдаланган ойда бошқа хўжайин қўлига ўтганини бонг урмоқда. Лайнер Кайман ороллари давлатида рўйхатга олинган бўлиб, аслида унга ким эгалик қилиши аниқ эмас.

ФИФА мазкур ишни ёпганидан кейин, худди шу мазмундаги хат ташкилотга келиб тушган. ФИФА вакилларидан бирининг таъкидлашича, агар самолёт Усмоновга тегишли бўлган тақдирда ҳам, Инфантино бу ҳақда билмаган ва унга нисбатан ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас.