Конте Моуриньонинг хатосини 100 млн фунт сарфлаб тузатмоқчи

Спорт 03 Июль 2017 11688

«Челси» бош мураббийи Антонио Конте ҳужумчи Ромелу Лукакуни қўлга киритиш учун жиддий ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра италиялик мутахассис Лондон клуби раҳбарларига «Эвертон» ҳужумчисини керак бўлса, трансфер рекорди бўлган 100 миллион фунт стерлинг (115 млн евро) эвазига бўлсада сотиб олиш кераклигини таъкидлаган. Унинг талабича, трансфер шу йилнинг ёзидаёқ амалга ошиши керак.

«Челси» «Рома» ҳимоячиси Антонио Рюдигер, «Ювентус» фулбэки Алекс Сандро ва «Монако» яримҳимоячиси Тьемуэ Бакайокони сотиб олиш учун дастлабки қадамларни ташлаб бўлган,  аммо Контенинг асосий трансфер мақсади – Лукаку.

Жорий мавсумда «Эвертон» ҳужумчиси АПЛнинг 37 учрашувида майдонга тушиб, 25 гол ва 6та голли узатма муаллифи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Лукаку ўз вақтида «Челси» таркибида тўп сурган, бироқ икки йил муқаддам жамоанинг амалдаги мураббийи Жозе Моуриньо уни кераксизга чиқариб, «Эвертон»га сотиб юборилишига сабабчи бўлганди.

Кўпроқ янгиликлар