1 июль кун мўйноқликлар учун ёддан чиқмас санага айланди. «KRuz.uz» нашри хабар беришича, шу куни туман аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган. 

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 20—21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Қўнғирот — Мўйноқ тоза ичимлик суви тармоғи қурилиши билан танишган, 101 километрлик сув тармоғи ишга тушгач, бир суткада 7 минг куб метр сув етказиб бериши ва 25 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашини таъкидланганди.

Мўйноқ тумани аҳолисининг кўп йиллардан буён ушалмай келаётган орзуси президент ташрифидан сўнг руёбга чиқди. Ўтган ойлар давомида бош пудратчи —«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Махсус механизациялашган йўл станцияси» корхонаси томонидан 26 миллиард сўмлик иш бажарилди.

1 июль куни Қўнғирот – Мўйноқ магистрал сув тармоғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистон Республикаси президенти номидан Мўйноқ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви етиб келгани билан табриклади.

Тадбирда ичимлик сув тармоғи қурилиш ишларида фаол иштирок этган ишчи-ходимларга қимматбаҳо совғалар топширилди.