Саудия Арабистонининг янги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон сўнгги бир неча ҳафталар ичида активистлар, диний арбоблар ва собиқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Ноифга қарши йўналтирилган, ўзгача фикрловчиларга қарши кампания ўтказа бошлади, деб ёзади Wall Street Journal вазиятдан бохабар америкалик ва саудиялик мулозимларга асосланиб.

Муҳаммад ибн Салмон 21 июнь куни унинг отаси Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд валиаҳдни ўзгартириш ҳақидаги фармонни имзолагандан сўнг валиаҳд шаҳзодага айланганди: жияни Муҳаммад ибн Ноиф ўрнига қиролнинг 31 ёшли ўғли тахт вориси, деб эълон қилинганди. Муҳаммад ибн Ноиф ички ишлар вазири лавозимидан ҳам мосуво бўлди, Муҳаммад ибн Салмон эса мудофаа вазири лавозими ва ҳукуматда бош вазир ўринбосарлигини сақлаб қолди.

Америка ва Саудия арбобларининг Wall Street Journal нашрига маълум қилишича, қироллик оиласининг ўзгача фикрловчиларга қарши курашиш кампаниясига баъзи активистлар ва блогерларни мониторинг қилиш, ҳаттоки уларнинг ижтимоий тармоқларидаги аккаунтларига бузиб кириш ҳам киради. Баъзи активистлар ва диний арбоблар ИИВга суҳбатга ҳам чақирилган. Нашрнинг манбаларига кўра, улардан бирига агар фаолиятига якун ясамаса, зиндонбанд қилиниши тушунтирилган.

Газета ўз хабарларида таянаётган айрим мулозимларнинг айтишича, янги валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Ноифнинг ҳаракатланишини чегаралаб қўйган, шунингдек, Муҳаммад ибн Ноиф ҳеч қачндай ғаламисликка қўл урмаслигига ишонч ҳосил қилиб туриш учун олдинги вориснинг тансоқчиларини қироллик оиласига содиқ аскарлар билан алмаштирган.

Илгари собиқ валиаҳд шаҳзодага мамлакатдан чиқиш тақиқлаб қўйилгани, унинг ўзи эса Жиддадаги саройида уй қамоғида эканлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди. Кейинроқ Рейтер агентлиги Саудия расмийларига асосланиб, бу хабарни рад этганди.