3 июль куни Вестминстер Университетининг мажлислар залида “Тадбиркор аёлларнинг бошқарувчилик салоҳиятини ривожлантириш” мавзусидаги семинар тренингларнинг биринчи босқичи бошланди.

Тадбир “Тадбиркор аёл” ассоциацияси ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Тошкент бюроси ҳамкорлигида ташкил этилиб, Ўзбекистонда тадбиркор аёллар ҳаракатини кенг қулоч ёйдириш, уларнинг фаолиятида бизнес бошқарувининг замонавий модулларини қўллаш орқали ишбилармон аёллар раҳбарлигидаги ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулдорлигини оширишни ўз олдига мақсад қилган. 

Лойиҳа доирасида 150 нафар тадбиркор аёлга университетнинг малакали мутахассислари томонидан  бошқарувчилик сир асрорлари ўргатилиб, уларнинг энг фаол 20 нафарига Европанинг етук ишлаб чиқариш корхоналарида малака ошириш ва тажриба алмашиш имкони берилади. Зеро, аёлларнинг бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш, ўзаро ишонч ва ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлаш, инновацион таълим дастурларини жорий этиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш йўли билан аёлларнинг меҳнат бозоридаги рақобатдошлигини ошириш “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллари ассоциациясининг устав вазифалари  сирасига киради. Шунинг учун ҳам турли ташкилотлар билан ҳамкорликда шу давргача 14 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар бизнес асосларига, 60 минг нафардан зиёдлари  янги касбга ўқитилди.

Семинар тренинглар очилиши маросими ЕХҲТ Тошкент бюроси вакиллари, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси раҳбарияти, Вестминстер университети профессор ўқитувчилари ва бизнес экспертлари, тадбиркор аёллар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар замонавий технологиялар асосида хотин-қизларнинг касбий малакасини ошириш, уларни замонавий бизнес ўқув модуллари билан таништириш, Европанинг етук компанияларида стажировкада бўлиб тажриба алмашишлари  фаолиятларида жуда муҳим эканлиги ҳақида сўз юритишди.

Шу куниёқ Вестминстер университети бизнес тренерлари раҳбарлигида 50 нафар тадбиркор аёл учун бир ҳафталик ўқув семинарларига старт берилди.