3 июль куни Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ўзбек тилида сўзлашадиган робот ихтирочиси, 25 ёшли Олим Тўйчиев ҳам иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, ёш олим куни кеча Президент Шавкат Мирзиёевнинг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари этиб тайинланган эди

"Фан ва технологиялар ҳақида гапирадиган бўлсак, бир фикрни келтириб ўтишни ўзимга жоиз деб биламан: фан ва илмий технология ривожланган жойда давлат ривожланади, деган бир фикр бор. Мен бунга тўлиқ қўшиламан ҳамда оддий мисол қилиб бутун дунёда инновацион жиҳатдан ривожланаётган давлатларда ўсиш суръатлари жадаллашиб бораётганини келтираман. 

Айтиш мумкинки, бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам барча имкониятлар (ресурслар, мотивациялар) бор, бироқ ёшларимизни ўқишни тугатганларидан сўнг "Эплай олармиканман?", "Қаерга ишга жойлашсам экан", "Қанча маош оларкинман?" деган саволлар қийнайди. Бунинг ўрнига эса "Қандай иш яратсам экан?", "Қандай иш қилсам экан?" деган саволлар мактаб давридан ўйлантириши керак. 

Қандай чора-тадбирлар кўриш керак? Авваламбор фан ва технологияни ёшларимиз орасида оммалаштириш керак. Мактабларимизда бериладиган математика, физика, химия фанларидан бошлаб туриб, у қаерларда ва нима учун ишлатилади, қандай соҳаларда уларни ишлатганда уларни яхшироқ биласиз, шуларга эътибор бериш керак. 

Коллежларга келадиган бўлсак, ёш робототехника кўрик-танловларининг Республика босқичини тўрт йилдан бери ўтказиб кепляпмиз. Нега биз юртимизнинг энг чекка-чекка коллежларидан бошладик? Бу биринчи навбатда Қорақалпоғистондаги Қўнғирот шаҳридаги Нефть ва газга йўналтирилган коллеж, иккинчи - Асакадаги Автомобилсозлик коллежида, Турин политехника университети қошидаги академик лицейда, Самарқандда ва бошқа-бошқа коллежларда. Мақсад - ёшларнинг робототехникага бўлган қизиқишини ўрганиш. 

Кўпчилик робототехникани "қийин соҳа", "унга жудаям кўп маблағ керак", "уни ўрганиш жуда қийин" деб айтади, мен бу фикрга қўшилмаган бўлардим, чунки ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, шу оддий Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги мактабни тамомлаб, коллежни битириб, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига кирган пайтимда робототехникани бошлаганман. 

Айтмоқчи бўлганим - шароитлар бор, ёшлар тўғри фойдалана билиши керак, илм олиши керак ва уни ҳаётга тадбиқ этиши керак. Умуман айтганда, вақтдан тўғри фойдалана билиш муҳим. Президентимиз айтганларидек, ҳар бир муаммога илмий ёндашув керак. Агар чет эл тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, оддийгина мисол: Германия давлатида тажриба сифатида шуни кўрдимки, корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнида бирор муаммо пайдо бўляптими, уни дарҳол ечимини излаш эмас, нимадан келиб чиқаётгани аниқлаб, шу йўналишдаги олий таълим муассасаси ёки илмий-тадқиқот марказларига мурожаат қилишади", - дейди О.Тўйчиев.