Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси халқаро молиявий-иқтисодий доираларнинг диққат марказидадир. 

Шотланд банки таҳлилчиларининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ЯИМ ўсиши 2000-йилларнинг ўрталаридан буён юқори даражада. 2014 йилда иқтисодиёт 8,1 фоизга ўсган. 2015 йилда ўсиш 8,0 фоизгача, 2016 йилда эса 7,8 фоизгача пасайди. 2017 ва 2018 йилларда 7,0 ва 7,3 даражасидаги ўсиш прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг бундай даражаси Ўзбекистонни МДҲнинг энг динамик иқтисодиётга эга мамлакатлардан бирига айлантиради.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон - Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринда Марказий Осиёнинг энг йирик ва минтақдаги энг кўп тармоқли иқтисоди ҳисобланади. Ҳозирда Ўзбекистоннинг юқори қўшимчали қийматга эга маҳсулотлари нафақат Марказий Осиё ва МДҲ, балки Европа, Осиё, Африка ва Америка мамлакатларини ҳам қамраб олаётгани шундан далолат бермоқда. Масалан, яқинда Европа иттифоқи ўзбек тўқимачилик саноати маҳсулотлари импорти учун янги қулай шарт-шароитлар яратди. 

"Демографик юк"ка қарамай (мустақиллик йилларида мамлакат аҳолиси сони 12,5 миллион кишига ошган), Ўзбекистон иқтисодиёти 90-йиллар бошидан деярли 6 баробар ўсди, ўртача даромад 9 карра ошди. 1992 йилдан 2016 йилга қадар Ўзбекистон ЯИМ харид қобилиятига кўра 37,8 дан 205,7 миллиард АҚШ долларига ошди. Таққослаш учун, Қозоғистоннинг худди шу вақт ичидаги бундай кўрсаткичлари 122,7 ва 451,3 миллиард долларни ташкил қилган. 

Bank of Scotland сайтида таъкидланишича, мустақиллик қўлга киритилгандан кейин Ўзбекистон ҳукумати босқичма-босқич ислоҳотлар ва импорт ўрнини босиш стратегиясини танлаган. Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиётни диверсификациялаш, экспортни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилишга доир иқтисодий сиёсати ўз самарасини бермоқда. Мазкур сиёсат "Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури", истеъмол товарларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, экспортчиларга кўмаклашиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ва хизматлар сектори ривожи дастурини ўз ичига олган. 

2017 йилда Ўзбекистон ўз экспортига бўлган ташқи талаб ва хомашё товарлари нархининг пасайишидан жабр кўрди, ички талаб қисқарди. Бироқ мамлакат салмоқли молиявий захирага эга ҳамда давлат қарзлари кам. Ишбилармонлик муҳити нуқтаи назаридан, Ўзбекистонда вазиятни яхшилаш имкониятлари катта. 

Хизматлар сектори Ўзбекистондаги энг йирик секторлигича қолмоқда, у мамлакат ЯИМнинг 46,8 фоизини, саноат ва қишлоқ хўжалиги эса - 33,9 ва 19,3 фоизни ташкил қилади. 

Ўзбекистон йирик тўқимачилик саноатига эга ва у пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллайди. Мамлакат шунингдек ипак ҳамда жун ҳам ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, Ўзбекистон мева ва сабзавотлар етиштириш ҳамда уларнинг экспортини ошириш эвазига қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон йирик газ ва нефть ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, мамлакат машинасозлик, металлургия, кимёвий маҳсулотлар, ўғитлар ва қурилиш материаллари каби тармоқларини ривожлантириш устида ишламоқда. Бундан ташқари, мамлакат кўмир, рух, мис, вольфрам, уран ва кумуш каби табиий ресурсларга бой.