Замонавий технология ва воситалар жуда кенг тарқалган бугунги кунда ёшларни, болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, уларни мутолаа жараёнига жалб қилиш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда. Хўш, бутун мамлакат бўйлаб китоб мутолаасига рағбатни ошириш, китобхонлар сафини янада кенгайтириш учун яна қандай ишлар амалга оширилиши керак? Нима қилинса ёшлар, болалар китоб ўқишга жон-жаҳди билан интилади?

Бунинг учун биринчи навбатга китобга олиб борадиган йўллар яқин ва осон бўлиши керак. Сиз таълим муассасаларида кутубхоналарнинг қаерда жойлашганига эътибор берганмисиз? Одатда мактабнинг энг четида, кўримсиз, кимса бормас бир бурчагида бўлади. Ошхона, ўқитувчилар хонаси, спорт зали, ул-бул майда-чуйда сотилувчи растачалар мактабнинг кириш қисмида, ҳаммабоп жойида. Аслида эса улар ҳатто мактабнинг орқасида, ҳовлининг бир четида бўлса ҳам топиб боришади. Нима, китоб егулик, жисмоний машқ ёки ручка-қаламдек зарур нарса эмасми? Ахир у тарбия, мушоҳадакорлик, маънавий баркамоллик манбаи-ку.

Иккинчидан, кутубхона ходимларига нисбатан, кутубхоначиларнинг эса ўз ишига нисбатан муносабатини ўзгартириш керак. Яқинда Дўстлик туман ахборот ресурс маркази томонидан китобхонликка оид семинар-кўргазма ташкил этилди. Унда барча мактаблардан вакиллар, ўқувчилар қатнашди. Тадбирда қатнашар эканман, қарийб барча ташкилий ишлар қандай қилиб болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, бу бўйича тажриба алмашиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этишга эмас, балки “тепадан”, яъни юқори ташкилотлардан келадиган текширувчиларга қандай муносабатда бўлиш, улар қандай ҳужжатларни текшириши, айни шу жиҳатдан камчиликларни қандай бартараф этишга қаратилганига амин бўлдим. Бир гап билан айтганда, боланинг эмас, комиссиянинг кўнглини олиш, уларга ёмон кўринмасликка қаратилган бор эътибор. Ушбу тадбирда вилоят АРМ раҳбари журналист эканимни эшитиб, мендан бир масалани кўтариб чиқишни такрор ва такрор илтимос қилди. Унинг айтишича, маҳаллий ҳокимиятлар, соҳанинг юқори тузилмалари раҳбарлари кутубхоначиларни бекорчи деб ўйлашади. Қишлоқ хўжалиги, ободонлаштириш ва ҳоказо ишларда биринчи навбатда кутубхоначилар жалб этилади. Бир йилда совуқ мавсумдаги тўрт-беш ойни ҳисобга олмаса, улар деярли ўз ишлари билан шуғуллана олишмайди. Бунақада қандай қилиб самарадорликка эришиш мумкин? Ахир кутубхоначи ўз зиммасига юклатилган ташкилий ишлардан ортиб китоб ҳам ўқиши, мутолаани жондан севиши керак эмасми?

Шу ўринда тасаввур қилиб кўринг: Сиз оддийгина мактабда ўқийдиган оддийгина ўқувчисиз. Мактабнинг бир бурчагидаги сеҳрли-сирли хонага юрак ютиб бордингиз, балки бу кимсасиз бурчакка келганингиз учун қўрқаётгандирсиз ҳам. Аммо нимадир сизни илгари чорлайверади. Шунда кутилмаганда меҳрибон бир нигоҳ сизни қарши олса. У сизга ёшингиздан келиб чиқиб бир неча китобларни таклиф қилса, ўша китоб ҳақида шу қадар қизиқарли ҳикоялар, ўз таассуротларини айтиб берсаки, бутун дунёни унутиб мутолаага берилиб кетсангиз. Сўнгра ҳар куни ўша нурли масканга ошиқсангиз. Кутубхоначи сиз билан ҳаётий мушоҳадаларини ўртоқлашса, фикрингиз, муносабатингиз билан қизиқса, керак бўлса у билан дардлашсангиз. Ахир у қанчалар кўп китоб ўқиган, дунёқараши қанчалар кенг. Бундай одамнинг суҳбатига тўйиб бўларканми? Аммо реал вазиятга бир назар солингчи. Аксарият кутубхоналарда кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган, бор ходимлар ҳам (уларни кутубхоначи, дейишга тилим бормайди) китоб мутолаасидан мосуво. Бу ерга фақат вақт ўтказиш ва ойлик олиш учун келадигандек. Баъзи кутубхоналарда китоб олиш ёки у ерга аъзо бўлиш учун бирор янги китоб бериш талаб қилинади ваҳоказо...

Кутубхоналарнинг ғарибдан ғариб фонди ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яна бир ҳолат. Бола мансуб бўлган жамият, муҳит китоб ўқишга мойил бўлиши ҳам муҳим. Қўлига бирор марта китоб олмаган одамнинг болага: “китоб ўқи”, деб маслаҳат ёки буйруқ беришга ҳеч қандай ҳаққи ҳам, асоси ҳам йўқ! “Болаларни бизнинг гап-сўзларимиз эмас, балки хатти-ҳаракатларимиз тарбиялайди”, деган Макаренко айни ҳақиқатни сўзлаган эди. Китоб ўқиладиган хонадонларда мутолаага меҳр қўйган болалар камолга етади. Албатта, бу мутлақ ҳақиқат эмас. Китоби йўқ уйларда ҳам китобхонлар бор. Аммо ҳамма жойда, ҳар доим ҳам эмас. Аксарият оилаларда вазият тахминан қуйидагича: она куни бўйича уй-рўзғор ишлари билан банд, озгина бўш вақт топди дегунча қўшни аёллар билан ҳасратлашишга ошиқади. Телевизор, сериал кўриш, тўй-маъракаларда қатнашиш ва бошқаларга ажратилган вақт китоб ўқишга етмайди. Ота эса куни бўйи ишда бўлиб, кечқурун келиб овқатланадию, бир оз телевизор кўргандек бўлиб, сўнгра ухлашга кириб кетади. Ўқилган китобларни муҳокама қилиш, қандай китобларни ўқиш бўйича маслаҳатлар бериш, афсуски, оилаларда жуда кам учрайдиган ҳолат. Оммавий равишда: хиёбонларда, транспорт воситалари, кутиш заллари, бекатлар, шифохоналарда китоб ўқилиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Қанийди бундай жойларда шундоққина қўл узатсанг етадиган ерда китоблар турсаю, бўш вақтингда мутолаага берилсанг. Бу сўзлар асло шахсий тасаввурим маҳсули эмас. Кўплаб мамлакатларда шу каби ижтимоий лойиҳалар йўлга қўйилганки, одамлар ўқиб бўлган китобларини ҳамма учун очиқ ва бепул бўлган махсус жавонларга келтириб қўяди. У ердаги истаган асарини олиб кетиши мумкин. Марҳум адибимиз Асқад Мухтор айтганидек, китоб – бойлик, сотиб олингани эмас, балки ўқилгани. Масалага мана шу нуқтадан қарасак, бу бебаҳо бойликни ҳамма билан бўлишиш мумкин.

Болаларни китобга қизиқтиришда катталарнинг хабардорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда юқорида кутубхоначилар мисолида мушоҳада юритгандек бўлдик. Бироқ педагоглардан ташқари ота-оналар ҳам болага қандай китоб олиб беришни билиши керак. Бундан бир неча йиллар аввал тоғам фарзандларига қанча китоб олиб берса ҳам ўқишга қизиқмаслигидан нолиган эди. Ундан ўзи қандай китоблар олиб бердингиз, деб сўрадим. Бир неча китоб номларини эшитиб, тоғамга бу китоблар болаларининг ёшига мос эмаслигини айтиб, ундан кўра “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакати” кабиларни сотиб олишни маслаҳат бердим. Кейинчалик тоғам айтганларимни қилиб, болалари китобларни севиб ўқиганини сўзлаб берди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ота-оналар мажлисларида фақат молиявий масалалар эмас, китобхонликни тарғиб қилиш, синфлар кесимида болалар ёшига мос асарлар рўйхати тузилиб, ота-оналарга тарқатилса бўлади. Шу билан бирга, болаларни китоб ўқишга қизиқтириш ва бу қизиқишларни тўғри ва самарали қондириш бўйича ҳам маслаҳат, тавсиялар берилиши мақсадга мувофиқ.

Янги нашр қилинган китоблар нархи ҳам одамни мутолаадан узоқлаштириб юбориши мумкин. Биргина мисол: яқиндагина чоп этилган Толстойнинг “Анна Каренина” асари китоб дўконларида 70 минг сўм атрофида сотилмоқда. Албатта, китоб чиқариш, бу – бизнес. Унинг ўзига хос қонун-қоидалари мавжуд. Аммо 70 минг сўм ҳамма оилаларнинг ҳам бюджетига тўғри келавермайди. Нарх-наво масаласида яна бир бор чуқур мушоҳада юритиш, арзон китоблар ишлаб чиқилиши ҳақида ўйлаб кўриш керак.

Китобхонликни тарғиб қилишда янги нашр қилинган асарлар рекламасини кенг йўлга қўйиш, мутолаани оммалаштириш бўйича ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам катта аҳамият касб этади. Қишлоқ ва маҳаллаларда китобхонлар клубларини ташкил этишни рағбатлантириш, болалар учун китоб кечалари, ўқилган асарлар муҳокамалари, совринли танловларни ташкил этиш, ёзда салқин, қишда иссиқ, қулай мебелларга эга тинч ва осуда ўқув заллари, китобларни ижарага бериш, қарзга ёки пулини бўлиб-бўлиб тўлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш, олис туманлар, узоқ қишлоқларда керакли китобларга буюртмалар бериш шохобчаларини барпо этиш ҳам мумкин. Хуллас, ўйласа, бош қотирса, муаммони ижобий ҳал этишнинг минглаб усуллари яратилаверади. Модомики, мақсад болаларнинг китобни оммавий равишда севиб ўқилишига эришиш экан, бу йўлда бор имкониятларни ишга солиш, жараённи ортиқча, кераксиз ва фақат зарар келтираётган ташкилий, маъмурий тўсиқ ва ғовлардан халос қилиш, китобнинг ҳаммабоплигини ошириш йўлларини топавериш керак.

Санжар Саид