Европа Иттифоқининг лойиҳаси ёрдамга муҳтож бўлган одамларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишларига ёрдам беради

Жамият 04 Июль 2017 2619

«Одатий, тўлақонли ҳаётга қайтиш» - ушбу сўзлар ҳаётнинг ҳақиқий қадрини билганлар учун беқиёс аҳамиятга эгадир. Ушбу сўзлар  ҳамма вақт ҳам «нариги дунё»дан тиббиёт ёрдамида қайтганликни билдирмайди, албатта. Бу йўл аччиқ хатолар, хафагарчиликлар, ёлғизлик, азоблардан – инсоннинг ўзлигига, ўзининг янги «Мен»ига, янги ҳаётга ва умидга қайтишининг анчайин мушкул ва узоқ йўли бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда Тошкентдаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида ёрдамга тайёрлар.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази  2016 йилда Нодавлат-нотижорат ташкилоти бўлган «INTILISH» Республика ахборот-таълим маркази қошида, DVV International (Германия) ҳалқаро ташкилоти билан ҳамкорликда «Уйга тўлақонли ҳаёт сари йўл» лойиҳаси доирасида ташкил этилган. Ушбу лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш Федерал вазирлиги билан ҳамкорликда молиялаштирилади. Озодликдан маҳрум этиш жойларидан қайтган инсонлар, сил касали  билан касалланганлар, ОИВ (ОИТС) билан яшаётганлар ҳамда гиёҳвандликка чалинганлар лойиҳанинг асосий мақсадли гуруҳи бўлдилар. Марказнинг фаолияти бундай одамларга йўқотилган ижтимоий фойдали алоқаларни тиклаш, янги касбга ўрганиш ёки касбий кўникмаларини ошириш, ўзларига ишонишларига эришиш ва жамиятда ўз ўринларини топишда рағбатни шакллантиришда ёрдам кўрсатишга қаратилган. Энг муҳими – бундай одамларга нисбатан жамиятда мавжуд бўлган муносабатни ўзгартиришга интилишдан иборат.

Марказга мурожаат этувчилардан ҳар бирининг (бу ерда уларга хизмат кўрсатилиши туфайли уларни “мижоз” деб аташади)  «...гача» ва «...дан кейин» бўлган ўзига яраша мушкил ўтмиши ва қисмати ва демакки, ўзларининг муаммоли масалалар доираси борки, уларнинг кейинги ҳаёти ушбу муаммоларни қандай ҳал этилишига боғлиқдир. Одатда мижозларда бундай муаммолар талайгина бўлиб, улар шахсий ҳужжатларни тиклаш, ҳамда ишга жойлашишга бўлган фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланиш, тиббий хизматлар олиш, янги касбга ўрганишдан тортиб, то оилага, олдинги мулоқот муҳитига қайтиш ва ҳ.к.-га ўхшаган руҳий қийинчиликларни қамраб олади. Шунинг учун ҳам ушбу вазифалар мажмуаси Марказ иш бошлаганидан бери кунгиллилик, текин ва сир сақлаган ҳолда бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан ҳамкорлик ва ижтимоий шерикчилик асосида биргаликда ҳал этилади. Бундай ташкилотлар қаторига Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Ижтимоий мослашув маркази ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги Банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш маркази, шунингдек Ички ишлар бўлимлари, тиббиёт муассасалари ва қатор халқаро ташкилотлар киради.

  Дастлабки натижалар

- Бугунги кунгача 240 нафар инсон бизнинг Марказимиз мижозлари бўлдилар ва улардан 57 нафари аёллардир – дейди Нодавлат-нотижорат ташкилоти бўлган «INTILISH» Республика ахборот-таълим маркази директори Татьяна Никитина. -Марказ ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатади. Ижтимоий қўллаб қувватлаш усулларига мувофиқ, ҳар бир мижоз учун шахсий режа шакллантирилади. Унинг асосида инсон учун бугунги кунда долзарб бўлган ҳамда унинг нормал ҳаётга кўникиши ва ўз ҳаёти учун масъулиятга эга бўлишига ёрдам берадиган муаммоларни ҳал этамиз. Тажрибанинг кўрсатишича, озодликдан маҳрум қилиш жойларидан чиққан инсонлар учун энг аввало, ишга жойлашиш биринчи даражадаги муаммо бўлиб ҳисобланади. Зеро, ишга жойлашиш уларга ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этишларига имконият беради. Улар айрим пайтда иш топа олмайдилар, ёки уларнинг олдинги касбларига бугунги кунга келиб талаб йўқотган бўлади. Шунинг учун ҳам биз мижозларимизни Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказига юборамиз.

Мижозлар бугунги кунда касбий таълим ва қайта тайёрлаш курсларига келиб қўйидаги йўналишлар бўйича касбларни ўзлаштиришлари мумкин: шахсий компьютерларни таъмирлаш, аёллар кийимини тикиш, массаж, газ ва электр пайвандловчиси, сартарошлик иши, компьютер саводхонлиги, иш юритиш ва бошқалар. Лойиҳа мувофиқлаштирувчиларининг қайд этишларича, шахсий компьютерларни таъмирлаш ва сартарошлик иши бугунги кунда энг кўп талабга эга бўлган касблардир.

 -Касбий таълим курсларини тамомлагандан кейин Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази давлат андозасидаги сертификат берадики, бу мижозларимизни иш билан таъминланишлари имкониятларини оширади, дейди Татьяна Никитина. – Шунингдек, биз иш билан таъминлашга ҳам кўмаклашишга ҳаракат қиламиз. Масалан, яқинда Сергели туманида бўлиб ўтган бўш иш ўринлари ярмаркасида бизнинг Марказимиз мижозлари ҳам қатнашдилар. Марказнинг ижтимоий ходими Рано Исмоилованинг айтишича, гарчи бошида мижозлар ўз ҳаётларидаги бундай ўзгаришларга тайёр бўлмасаларда, касбга эга бўлгач,  улар  Марказнинг кўмагисиз ҳам ўзлари ишга жойлашаётганлари қувонарли ҳолдир.

- Бизнинг вазифамиз биринчи навбатда мижоз билан алоқа боғлашдан иборат, дейди Рано Исмоилова. – Алоқани эса, ҳар доим хам биринчи мартасидаёқ ўрнатиб бўлмайди. Озодликдан маҳрум қилиш жойларидан ҳозиргина чиқиб катта ҳаяжонни бошидан кечирган инсонлар билан алоқа ўрнатиш нисбатан қийинроқ бўлади. Уларнинг кўпчилиги бизнинг Марказимизда таклиф этиладиган ёрдамлар имкониятларини тасаввурларига сиғдирмай ўзларини чеккада тутадилар. Улар ҳаттоки шахсий ҳужжатларда, бошпанада, жазони ўташ даврида бузилган оилаларига қайтишда ва ҳ.к-ларда муаммолар мавжуд бўлсада барча муаммоларини ўзлари ҳал қила олишларини айтадилар.  Биз уларни  психолог мутахассиснинг машғулотларига қатнашиш кераклигига кўндирган   тақдиримизда, бу одатда мижозларимизнинг кейинчалик ижтимоий ҳаётга кўникишларига ёрдам беради. Айрим ҳолатларда биз бўлажак мижозларимизнинг ота-оналаридан ёрдам сўраймиз. Дастлаб ота-оналарга фарзандлари «нормал ҳаётга қайтишида» бизнинг Марказимизда олишлари мумкин бўлган ижтимоий хизматлар тўғрисида гапириб берамиз. Биз томонимиздан кўрсатиладиган ижтимоий хизматларда ёш бўйича чегаралар йўқ. Қамоқдан озод этилган пенсия ёшига яқинлашган инсонларга, масалан, биз пенсияни расмийлаштиришга ёрдам берамиз ва ҳ.к. Бизнинг мижозларимиз кўрсатилаётган хизматларимизни танишларига сўзлаб бериб, уларни ҳам Марказимизга олиб келиш ҳолатлари ҳам бор, албатта.  Мижозларимиз билан олиб борган ишларимиз давомида улар ўртасида «рецедив» ҳолатлари бўлмаганлиги ҳозирги кунда Марказимиз мутахассислари гуруҳи умумий фаолиятининг асосий ютуғи, деб ҳисоблайман. Бу ерга келган барча мижозларимиз касбга эга бўлишга, мустақил тарзда ҳаётда ўз ўринларини топишга интилиб ўзларига бўлган ишончларини орттирмоқдалар. .

Таъкидлаб ўтилган касбий тайёргарлик билан бир қаторда муҳтож инсонларнинг бошқа гуруҳи – сил касалига  чалинганлар, ОИВ (ОИТС) билан яшаётганлар ва наркотик моддаларни истеъмол қилувчилар ҳам Марказнинг хизмати билан қамраб олинган. Марказ мутахассисларининг таъкидлашларича, бундай инсонларнинг барчасига ва уларнинг оилаларига ҳам психологик ёрдам кўрсатиш муҳимдир.

-Психологик кўникишнинг тўлиқ курсини ўтган ва касбий таълим олган мижозлар ёки ойда бир маротаба Марказга келишади, ёки қўнғироқ қилиб ҳозирги вақтда нима билан банд эканликларини гапириб берадилар, - дейди Татьяна Никитина суҳбат давомида. - Яъни, Марказ мутахассилари томонидан мижозларнинг кейинги ҳаёти мониторинг қилиб борилади. Ҳаттоки бир неча муддатдан кейин ҳам бизнинг мижозларимизда муайян хизматларимиздан фойдаланиш, психологик ёки юридик маслаҳат олиш имкониятлари сақланиб қолади.  Ушбу Марказда ижтимоий реабилитация қилиш муддатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у одатда 1,5 ойдан – 3 ойгача давом этади. Бу муддат давомида бизга мурожаат қилган инсон танланган касбига қараб касбий таълим курсларига қатнашади, шунингдек психолог машғулотларига боради, ҳуқуқшунос ёрдамида ҳуқуқий масалаларни ҳал этади, заруратга қараб тиббий кўрикка қайтадан йўлланма олади.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш Маркази фаолияти ҳақидаги қўшимча маълумотни «INTILISH» ННТ сайтидан олиш мумкин.

Римма САБИРДЖАНОВА

Кўпроқ янгиликлар