Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Исроилнинг 70 йиллик мавжудлиги тарихида унга ташриф буюрадиган илк амалдаги Ҳиндистон бош вазири бўлади. Модининг сафари икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси жадал ўсаётган, миллиардлаб долларлик қурол-аслаҳа битимлари тузилаётган ва сиёсий яқинлик юз бераётган вақтда бўлиб ўтади.

Исроилликлар 4 июлда бошланадиган сафардан Осиёнинг йириклиги бўйича 3-рақамли иқтисодиётига кириш учун янги имкониятлар кутишмоқда.

"Бу Ҳиндистон бош вазирининг Исроилга 70 йил ичидаги илк тарихий ташрифидир. Бу ташриф муносабатларимиз охирги йилларда яқинлашганини кўрсатади. Ташриф хавфсизлик, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, энергетика соҳаларида – деярли Исроил машғул бўлган ҳар бир соҳада ҳамкорликни чуқурлаштиришга" имкон беради", деб айтди Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил вазирлар маҳкамаси йиғилишида. 

Дунё муаммоларини ўрганиш бўйича Стокгольм халқаро институтининг маълумотларига кўра, Ҳиндистон Исроилдан қурол-аслаҳа сотиб олувчи энг йирик харидор ҳисобланади.

3 ой олдин Israel Aerospace Industries компанияси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари ва қуруқликдаги қўшинларига "Барак 8" ҳаво ҳужуми ва ракеталарга қарши мудофаа тизимини етказиб бериш бўйича шартнома олганини маълум қилганди. 2 млрд долларлик ушбу битим компания томондан Исроил ҳарбий-саноат мажмуаси тарихидаги энг йирик битим деб аталганди. 

Исроилнинг "Гаарец" нашрининг ёзишича, Моди ташрифи вақтида 8 мингта танкларга қарши Spike ракеталарини сотиш бўйича янги шартномалар имзоланиши мумкин.

Тахмин қилинишича, Моди кўплаб хорижий етакчилардан фарқли тарзда, Исроилга ташрифи вақтида Фаластинга ташриф буюрмайди. 

Модининг ташрифи 6 июнгача давом этади. У ташриф давомида Исроил президенти Реувен Ривлин ва мухолифат етакчиси Ицхак Герцог билан учрашув ўтказади. Бундан ташқари, Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху Модига сафарининг катта қисмида ҳамроҳлик қилади.

Моди сафари давомида Холокост қурбонларига бағишланган "Яд ва-Шем" ёдгорлик мажмуасига ташриф буюради, Исроилда яшовчи ҳамюртлари билан учрашади. У, шунингдек, денгиз суви ёки ифлосланган сувни истеъмол учун яроқли сувга айлантирувчи мобиль қурилмани кўздан кечиради. 

Ҳозирда Ҳиндистон ва Исроил ўртасидаги савдо айланмаси 4,13 млрд долларни ташкил қилмоқда. Ҳиндистон Исроилнинг савдо ҳамкорлари рўйхатида 9-ўринни эгаллайди.