Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ол Соний 3 июлда Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон мулоқотида Францияга ёз охирида ташриф буюрмоқчилигини маълум қилган. Бу ҳақда Елисей саройи баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ахборот агентлигининг хабар беришича, Макрон ва Ол Соний суҳбат чоғида Форс кўрфази давлатлари ўртасидаги дипломатик инқирозни муҳокама қилишган. Макрон "Франция бу масалани ҳал қилишда ўз ёрдамини беришга тайёрлигини" айтган.  

"Телефон мулоқоти давомида амир вужудга келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда ёз охирида Францияга ташриф буюрмоқчилигини айтган", дейилган хабарда.

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср 5 июнда Доҳани террорчиликни қўллаб-қувватлашда ва ички ишларига аралашишда айблаб, у билан дипломатик алоқаларни узишган. Бу қарорга бир қатор бошқа давлатлар ҳам қўшилганди.