Шавкат Мирзиёев Германия президентига ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон 04 Июль 2017 16364

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга таъзия изҳор қилди. Таъзиянома матни президентнинг расмий сайти president.uz’да эълон қилинди.

«Бавария федерал ерида йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй бергани натижасида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жабрлангани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим», дейилади таъзиянома матнида.

«Сизга чуқур таъзия изҳор этаман, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлигимни етказишингизни сўрайман, жабрланганларнинг барчаси тезроқ соғайиб кетишини тилайман», — деган ўз мактубида Мирзиёев.

Олдинроқ хабар берганимиздек, Баварияда сайёҳлик автобуси фалокатга учраши оқибатида 18 киши ҳалок бўлган.

Воқеа 3 июль куни эрталаб Германиянинг жанубидаги А9 шоссесида юз берган. Саксониядан сайёҳларни олиб келаётган автобус юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетган. Автобусда 46 йўловчи ва 2 ҳайдовчи бўлган. 30 га яқин жабрланганлар ҳақидаги маълумот дарҳол берилган, қолганларнинг тақдири эса яна бир неча соат номаълум бўлиб қолган, улар бедарак йўқолган, деб ҳисобланган. Қутқарувчилар омон қолганларни қидиришга вертолёт жалб қилганлар. Автобаннинг авария юз берган қисми узоқ вақтга тўсиб қўйилган.

Кўпроқ янгиликлар