Кун.uz сайти орқали “Шифохона ёнида қурилган тунги клуб ўз “ишини кўрсатишни бошлади” номли мақола тақдим этилган эди. Унда Фарғона вилоятининг Фурқат туманидаги шифохона ёнгинасида тунги клуб очилгани, бу клуб ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар, шунингдек, шифохонада даволанаётган беморларга халақит бераётгани айтиб ўтилганди.

Муаммо юзасидан яна бир бор Фурқат тумани ҳокимлигига мурожат қилганимизда, туман ҳокими ўринбосари Баҳром Абдуллаев мазкур манзилни ўрганди. Кузатувлар жараёнида Нозимжон Сотволдиевга тегишли бўлган тунги клуб ноқонуний тарзда фаолият кўрсатаётгани, фаолият олиб боришга дахлдор ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлигига аниқланди Шу куни Баҳром Абдуллаев аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганида ҳудуддаги фуқаролар чиндан ҳам бу клуб уларнинг фарзандларига ёмон таъсир кўрсатиши, маст ҳолдаги кимсалар дастидан кечалари манзилда юришга қўрқиб қолганларини айтишди. Фурқат тумани ҳокимлиги ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ноқонуний ишлаётган тунги клуб фаолияти тўхтатилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Нега аҳоли kun.uz сайтига мурожаат қилганидан сўнг кўпдан бери уларни қийнаётган муаммо ҳал этилди? Нега фуқаролар ариза билан ҳокимлик вакилларига мурожаат қилишганида бу нарсаларга беэътибор қаралди? Яна бир савол: журналистлар кўмаги билан беркитилган тунги клуб икки кун ўтганидан сўнг ўз фаолиятини бошламайдими? Яқин кунларда тумандаги тунги клуб ўрнига фарзандлар тарбиясига хизмат қилувчи, уларга зиё улашувчи кутубхона ҳамда китоб савдолари йўлга қўйилгани, шу манзилдаги шифохонада даволанаётган беморлар ҳам китоблардан харид қилиб, турли ўйлар ўрнига, ҳаётда яхши ният қилиш кераклиги, олдинга қадам босиш ҳақида ўйлашаётгани, бунинг учун туман ҳокимлигига раҳмат айтилгани битилган самимий мактуб келади, деган умиддамиз.