Виктор Юшенко президентлиги вақтида Украина мудофаа вазири лавозимини эгаллаган Анатолий Гриценко Россия ҳудудида терактлар содир этишга чорлади. У бундай таклифни "112 Украина" телеканалига берган интервьюсида билдирди.   

Гриценконинг фикрича, бир неча юқори лавозимдаги ҳарбийлар ҳалок бўлган Киев ва Мариуполедаги портлашларга худди шундай йўсинда жавоб бериш керак. "Агар бу президент учун ўйин эмас, ҳақиқатан уруш бўлса, унда Киев ёки Мариуполда ҳавога учган ҳар бир машинага жавобан Таганрог ёки Москвада иккитадан машина учиши керак", деб айтди Гриценко.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Украинада терактлар оқибатида ҳарбий тузилмаларнинг бир қатор зобитлари ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида Украина хавфсизлик хизмати полковниклари Александр Хараберюш ва Юрий Возний, Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси махсус вазифаларни бажариш қўшинлари бошлиғи Максим Шаповал бор. Уларнинг барчаси автомобиллар портлатилиши оқибатида ҳалок бўлган.

Гриценко ўзининг баҳсли гаплари билан танилган. Мисол учун у 2014 йил июнда Россия президенти Владимир Путинга суиқасд уюштирилишини маъқуллашини айтган. Бундан ташқари, у Россия самолётлари ва поездларини йўқ қилишга чорлаган.