Жиззах вилоятида уч мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилади

Ўзбекистон 04 Июль 2017 12447

Жиззах вилоятида уч мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилади. Агар аниқроқ айтиладиган бўлса, ишлаб чиқаришдан тортиб хизмат кўрсатиш соҳасигача қамраб олинган катта-кичик лойиҳаларнинг сони 3048 тадан ортиқ ва улар ортидан яратиладиган, жами 3,5 триллион сўмлик иш ўринлари сони 27 мингдан зиёд бўлади, деб ёзади Anhor.uz.
 
Бу ҳақда 1 июль куни Форишда ўтган матбуот анжумани вақтида Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов айтиб ўтган. Матбуот анжумани вилоятда «Farish Agro Valley» МЧЖ томонидан амалга ошириладиган 11,5 миллиард сўмлик, наслдор эчкичиликни ривожлантиришга қаратилган дастлабки йирик лойиҳалардан бирига муваффақият тилаш билан якунланди. Ушбу лойиҳа суммасининг 8,5 миллиард сўмдан ортиқроғига «Трастбанк» инвестиция киритади.

«Саноқ нуқтаси»га капсула жойлаштиришга бағишланган тантанали маросим 40 даража жазирама остида бўлиб ўтди. Лойиҳа учун ажратилган 1,5 минг гектар майдонда 1000 бош эчкига мўлжалланган замонавий модулли ферма барпо этилади. Шунингдек, пакетланган сут ишлаб чиқарувчи инфратузилма ҳам яратилади.

Бу вилоятни ривожлантириш бўйича давлат дастурини амалга оширишнинг бошланишидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шу йилнинг май ва июнь ойларида ушбу ҳудудда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ривожлантиришга доир учта қарор қабул қилди. 31 май куни қабул қилинган 332-сонли қарорда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш комплекс чора-тадбирлари тасдиқланган.

Ҳар учала қарорнинг мақсади аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ишбилармонлик тузилмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қўшимча шароитлар яратишни назарда тутади. 

Комплекс дастур Жиззах вилоятида 2017–2018 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича йирик ва муҳим инвестицион лойиҳалар рўйхатига эга.

«Farish Agro Valley» МЧЖ шу йил Фориш туманида наслдор эчкичиликни ривожлантириш, илмий асосларда селекция ишларини амалга ошириш, эчкичилик маҳсулотларини ўз вақтида қайта ишлаш учун тузилган.

Дастур «Қараман» сув омборини ишга тушириш, ем тайёрланадиган ўсимликлар экиш орқали ўз ем базасини ташкил этиш, минг бош наслдор эчкини импорт қилиш, уларга зооветеринар хизмат кўрсатишни назарда тутади.
 
Нега айнан наслдор эчкичилик?

Давлат нега айнан наслдор эчкичиликка бу қадар диққат-эътибор қаратмоқда?

Сирасини айтганда, бу — парҳез сут ва сут маҳсулотлари, жун, тивит ва тери дегани.

Трикотаж, жун матолар, духоба, велюр (мовут), гилам маҳсулотлари эса ишбилармонликни ривожлантириш учун ғоялардир.

Албатта, эчкилардан олинадиган сут ва сут маҳсулотлари энг қимматлиси ҳисобланади. Эчки сутига талаб жуда юқори. Уни саноат даражасида ишлаб чиқаришдан тийиб турувчи омил доимо хом ашёнинг камлиги бўлган, эчки сутининг савдоси хусусий сектор оқали амалга ошириб келинади. Моҳиятан, у фақат шахсий эҳтиёжларни қондиришгагина етарли бўлган. Эчки сути арзон эмас, унинг бир литри 8–10 минг сўмни ташкил этади, боз устига, маҳаллий зотли эчкилар жуда кам сут беришади — кунига кўпи билан уч литргача. 

Дастурни ижро этиш доирасида «заанен» зотли эчкиларнинг минг боши импорт қилинади.

Бундай зотли эчикларнинг ватани Швейцариядаги Альп тоғлари этагида жойлашган Заанен қишлоғи ҳисобланади.
 
Нега лойиҳа учун айнан заанен зотли эчкилар танлаб олинди?

Заанен эчкилари йирик жуссали бўлишади. Йирик она эчкиларнинг бўйи 75–85 см га етади, тирик вазни эса 50–60 килодан 90 килогача боради. Унинг наслдорлиги ҳам юқори, ҳар 100 бош она эчкидан 180–250 бош улоқ олиш мумкин.
 
Эчкиларнинг лактацион даври 10–11 ой давом этади. Лактация даврида ўртача сут маҳсулдорлиги 800–1000 килограммни ташкил этади. Унинг сутидаги ёғнинг ўртача миқдори 3,8–4,5 фоизга тенг. Заанен эчкиларидан рекорд даражада – йилига 3000 литргача сут соғиб олинади. 
 
Бундан ташқари, заанен эчкилари турли иқлим шароитларига тезроқ ва яхшироқ мослашади.

Хориждан келтириладиган эчкилар учун микроиқлим яратиш назарда тутилган — ўзидан намлик чиқарувчи дарахтлар экилиши режалаштирилган. Шунингдек, эчкилар ангар типидаги ёпиқ фермаларда сақланади ва бу уларни парвариш қилиш, сақлаш ва маҳсулдорлигини оширишга хизмат қилади.

Кўпроқ янгиликлар