Alibaba Lazada онлайн чакана савдо компаниясига 1 млрд доллар сармоя киритади

Технология 05 Июль 2017 2441
Фото: Getty Images

Хитойнинг интернет савдо компанияси Alibaba яна бир онлайн-ритейлер Lazada фирмасига 1 млрд доллар сармоя киритади. Бу ҳақда CNBC хабар қилмоқда. Натижада Alibaba ушбу компанияга киритган умумий сармояси миқдорини 2 млрд долларга етказади. 

Таъкидланишича, Lazada ўз бренди остида фаолиятини давом эттиради. Ушбу битим бўйича молиявий маслаҳатчи вазифасини Morgan Stanley Asia Ltd банки бажаради. Айни чоғда Жек Ма холдинги компаниянинг 51 фоиз акциясига эгалик қилади. Битим поёнига етгач, Alibaba’нинг Lazada Group’даги улуши 83 фоизга етади. 

Lazada бош директори Максимилиан Биттнернинг қайд этишича, келишув ижобий якунланса, компания акцияларига Alibaba, Temasek Holdings ва Lazada бошқаруви эгалик қилади, холос. Биттнер компанияни 3,15 млрд долларга баҳолаган. 

Компаниялар, шунингдек, Alibaba Lazada онлайн ритейлерига яна 500 млн доллар сармоя киритиши мумкинлигига келишиб олишган. Alibaba бош директори Дэниэл Чжанга кўра, «минтақадаги электрон савдо бозори ҳамон тўлиқ ўзлаштирилмаган. Компания Lazada кўмагида Жануби-шарқий Осиё бозорини ўзлаштиришни бошлайди». 

2016 йили ўтказилган тадқиқотда 2025 йилга келиб, минтақа интернет-иқтисодиёти 200 млрд долларгача етиши — бу биринчи галда электрон савдо ҳисобига амалга ошиши таъкидланган эди. 

Айтиш мумкинки, Alibaba Lazada компаниясини харид қилиш билан JD.com ва Amazon каби рақобатчилари қаршисида минтақадаги устунлигини сақлаб қолишни режалаштираётган кўринади. 

Кўпроқ янгиликлар