Лондоннинг «Арсенал» клуби «Лион» ҳужумчиси Александр Ляказетт билан шартнома имзоланганини эълон қилди. Бу ҳақда клуб расмий сайтида баёнот берилган.

Манбага кўра, 26 ёшли француз ҳужумчиси лондонликлар билан узоқ муддатлик шартнома имзолаган. Шартноманинг аниқ муддати ошкор қилинмаган.

Аммо, ВВС маълумотига кўра, «Арсенал» Ляказетт учун 53 миллион евро тўлаган ва қўшимча 7 миллион бонус эвазига бу сумма 60 миллион еврога етиши мумкин. Футболчи жамоа билан 5 йиллик битимга имзо чеккан. Бу «Арсенал» ва «Лион» тарихидаги энг қимматбаҳо трансферга айланган

Эслатиб ўтамиз, ҳужумчи Мадриднинг «Атлетико» клубига ўтишга яқин турганди, бироқ мадридликларга нисбатан трансфер тақиқининг жорий этилиши сабаб, бу савдо амалга ошмай қолганди.

Ляказетт «Лион» сафида 2009 йилда дебют қилганди. Айнан шу даврдан бошлаб у лионликлар сафида тўп суриб келаётганди.