Ҳозирда «Манчестер Сити»га устозлик қилаётган «Барселона» собиқ бош мураббийи Хосеп Гвардиола L'Esportiu нашрига берган интервьюсида нима сабабдан «Барселона» енгилмас жамоа бўлиб қолавериши сабабини айтди.

«Менга «Барселона» ҳар доимгидек кучли кўринмоқда. Луис Энрикенинг жамоадаги фаолияти ёрқин кечди. Агар у бошчилигидаги жамоа яхши спорт формасида бўлганида, «Барселона»ни енгишнинг деярли иложиси йўқ эди. Жамоа ажойиб футбол намойиш этди.

Месси жамоада экан бундан кейин ҳам ҳаммаси шу тарзда давом этаверади. Аммо бу билан «Барса»нинг янги футболчилари ёмон деган фикрдан йироқман. Месси мен кўрган футболчилар ичидаги энг кучлиси. У уч-тўрт рақибни алдаб ўтгани учунмас, балки шу ишни дунёда ҳаммадан яхши бажаргани учун ҳам тенгсиз футболчи.

Ўйлашимча, «Барселона»га айнан Вальверде каби мураббий керак эди. Барча совринларни ютган жамоага, айнан янги совринлар ютишга иштиёқи баланд бўлган Эрнесто каби мураббий зарур бўларди. Жамоанинг анъаналарини биладиган яхши тушунадиган мураббий критерияларига ҳам айнан Вальверде мос келарди. Бундан ташқари унда катта тажриба мавжуд. У жамоада яхши ишлаб кета олади. Луис Энрикенинг муваффақиятига ишонганим каби, унинг ҳам натижалари ўхшашига ишонаман», деган Гвардиола.