Тошкентнинг «Обод» клуби Олий лига бу мавсумининг биринчи даврасидан кейин ўз фаолиятини тугатадиган бўлди. Бу ҳақда клубга яқин бўлган манба Tribuna.Uz‘га маълум қилган.

«Клуб хусусий кўринишда эди. Яъни ўз бизнесига эга шахсий бизнеси бор тадбиркорларга тегишли. Улар клубни молиялаштириш ўзини оқламайди деб ҳисоблади ва бундан буёғига жамоани молиялаштиришни истамади», дея маълум қилган манба.

Маълумотларга қараганда, клуб мутасаддилари футболчилар билан учрашиб, уларга мавжуд вазиятни тушунтирган ва уларга бошқа жамоа топишлари мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, «Обод» клуби ўтган мавсумда Олий лига йўлланмасини қўлга киритган ва катта қийинчиликлар эвазига лигада жон сақлаб қолганди. Бу мавсумда эса Рауф Инилеев бошқарувидаги жамоа 15-турдан кейин 9 очко тўплаб, турнир жадвалининг сўнгги, 16-поғонасида кетаётганди.