Яқинда дунё бўйлаб кенг тарқалган ва катта зарар етказган WannaCry вирусига ўхшаш компьютер таъмагир вируси Хитойда аниқланди. Бу ҳақда CGTN телеканали Cheetah Mobile мобил иловалар ишлаб чиқарувчисига асосланган ҳолда хабар қилмоқда

Green Hat деб номланган вирус фойдаланувчига дастурий таъминотни ишга туширишга имкон бермайди, Ишга туширишга уринилса, Хитойдаги машҳур QQ мессенжеридаги абонент рақами чиқади.

Вирус компьютер ёки смартфондаги файлларни очиш учун махсус паролни киритишни талаб қилади. Паролни олиш учун таъмагир билан QQ аккаунти орқали боғланиб, маълум бир маблағни тўлаш талаб этилади. Шу билан бирга, сўралаётган пул миқдорига ойдинлик киритилмаган. 

Cheetah Mobile ходими Ли Тецзюннинг қайд этишича, вируснинг бошқаларидан фарқи шундаки, ишлаб чиқарувчилар махфийликни четга суриб қўйишган ва QQ мессенжеридаги аккаунтларини эълон қилишган.

"Ваҳимага ўрин йўқ. Янги вирус Хитойда кенг тарқалгани йўқ. Фойдаланувчилар шунчаки вирусларга қарши дастурларини янгилаб олишлари талаб этилади",- деган Лю Тецзюань.

12 май куни WannaCry вирусининг дунё бўйлаб оммавий ҳужуми 150 мамлакатдаги 200 минг фойдаланувчига зиён етказган эди.