Россиянинг Ту-95МС стратегик ракета ташувчи самолётлари Суриядаги Ҳама ва Ҳомс вилоятлари ҳудудидаги ИШИД жангарилари объектларига зарбалар йўллади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Бу ҳужум натижасида террорчиларнинг 3та йирик омборхонаси ҳамда Акербат шаҳридаги бошқарув пункти йўқ қилинган. Самолётлар нишонларга Х-101 русумли қанотли ракеталар йўллаган. Бундай қурол нишонни бутунлай йўқ қила олади.

Қайд этилишича, амалиётда иштирок этган самолётлар Энгельс аэродромидан учган. Уларни Ҳмеймим аэродромидан кўтарилган Су-30СМ ва Су-35С қирувчи самолётлари қўриқлаган.

Х-101 – Россиянинг янги стратегик қанотли ракетаси бўлиб, нишонни 4,5 минг километрдан ҳам йўқ қила олади.

Сурияда руслар Х-101 ракеталарини илк бор 2015 йилнинг ноябрида қўллаганди. Ту-95МС самолётида бундай ракеталардан 8та бўлади.