4 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақида ЎзАда хабар берилди. 

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётининг бугуни ва эртаси қандай бўлиши кўп жиҳатдан Иқтисодий ривожлантириш комплекси вазирликларининг иши сифати ва натижаларига боғлиқ экани алоҳида таъкидланди. 

Шунингдек, мажлисда охирги йилларда кичик бизнесни рағбатлантириш юзасидан кўплаб қарорлар қабул қилинганига қарамай, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида тўсиқлар ҳали ҳам мавжудлиги қайд этилди. 

Шу муносабат билан, Комплекс раҳбари – Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик соҳасидаги барча муаммоларни батафсил таҳлил қилиб, илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожига кескин туртки берадиган таклифларни ишлаб чиқиш топширилди. 

Йиғилишда жойларда бўш турган давлат объектлари ёки илгари хусусийлаштирилган, лекин бугунги кунда фойдаланилмаётган бино-иншоотлар бўйича барча таъсир механизмлари ишлаб чиқилган, зарур ҳуқуқий база яратиб берилган бўлса-да, бу борада ҳали сезиларли натижалар таъминланмагани афсус билан қайд этилди. 

Банк-молия тизимини расмиятчилик билан, юзаки ислоҳ қилиш амалиётига чек қўйиб, тизимни замонавий услублар асосида ишлайдиган соҳага айлантириш вазифаси ўртага қўйилди. “Энг муҳими, бугунги кунда мамлакатимиздаги тижорат банклари энг замонавий хизматларни кўрсатиб, ҳар бир мижознинг кўнглига йўл топа оладиган, уни ўзига жалб этиш учун рақобат қилиш салоҳиятига эга бўлиши керак”, деди давлатимиз раҳбари. 

Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмаларининг жорий йил иккинчи ярим йиллигида белгиланган мақсадли параметрлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз муддатида амалга ошириш, шунингдек, ўрта ва узоқ муддатли истиқболни олдиндан ҳисоб-китоб қилиш ва унга эришиш учун “йўл хариталари” ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилиниб, аниқ топшириқлар берилди. 

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва муҳокама қилинди, иқтисодиёт тармоқларини изчил ривожлантириш борасидаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда жадал ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида мавжуд резерв ва имкониятларни тўлиқ сафарбар этиш вазифалари белгиланди.