Ўзбекистон 2016 йил якунларига кўра харидорлик қобилияти паритети ҳисобга олинган ҳолда ялпи ички маҳсулоти бўйича дунёда 61-ўринни эгаллади. Бундан Жаҳон банки маълумотлари дарак бермоқда.

Жаҳон банки харидорлик қобилияти паритети ҳисобга олинган ҳолда ялпи ички маҳсулот даражаси бўйича давлатлар рейтингини чоп этди. Рейтингдан 186 давлат ўрин олган. 

Рейтингга кўра, Ўзбекистон 207,47 млрд долларлик кўрсаткич билан 61-ўрин эгаллаган.

Жаҳон банки шунингдек ЯИМни баҳолаш асосида давлатлар иқтисодиёти ҳажми бўйича маълумотларни чоп этган.

Банк маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон ЯИМи 67,22 млрд долларни ташкил қилган ва у 71-ўрин олган. Бу рўйхатдан 195 та давлат жой олган.  

Ўзбекистоннинг 2016 йил натижаларига кўра, аҳоли жон бошига ялпи миллий даромади 2,22 минг долларни ташкил қилган. Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича 159-ўринни эгаллаган. Харидорлик қобилияти паритети ҳисобга олинган ҳолда ялпи миллий даромад 6,64 минг долларни ташкил қилган (147-ўрин).

Харидорлик қобилияти паритети икки ёки бир неча пул бирлиги, турли давлатлар валюталарининг уларнинг маълум товар ва хизматларга нисбатан харидорлик қобилияти нисбатидир.