9-синф ўқувчилари коллеж, лицей ёки 11 йиллик мактабни ўз хоҳишига кўра танлайди. Бу ҳақда Халқ таълим вазирлигининг расмий ахборотида маълум қилинган.

«Жорий ўқув йилида 9-синфни битирган ўқувчилар ота-оналари ва ўзларининг хоҳишларига кўра онгли равишда касб-ҳунар коллежи, академик лицей ёки ўзлари таълим олган мактабларда мажбурий таълимни давом эттирадилар», — дейилади вазирлик ахборотида.

Ўтган ойда Ўзбекистоннинг бир қатор касб-ҳунар коллежи ва академик лицейида 9-синф битирувчиларидан ҳужжат қабул қилиш тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Июль ойи бошида республикадаги барча лицей ва коллежларда ҳужжат қабул қилиш бошланиши маълум қилинди.

Ўзбекистон халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов 11 йиллик таълим Ўзбекистоннинг баъзи мактабларида эксперимент тарзида қайта тикланиши, 20 кун ичида ҳукумат томонидан тегишли қарор қабул қилиниши ҳақида маълумот берганди.

ХТВ раҳбари ўринбосари эксперимент натижалари синчиклаб ўрганилиши ва таҳлил қилиниши, мактаб ўқувчилари таълимни хоҳласа мактабда, хоҳласа коллеж ёки лицейда давом эттириши мумкин бўлиши ҳақида айтиб ўтганди.