Германиянинг Volkswagen концерни бир неча йиллар мобайнида Франциядаги савдолари ҳажмини ошириб кўрсатган. Der Spiegel нашрининг ёзишича, компания умумий ҳисобда 800 мингга яқин автомобиль сотилганини қўшиб ёзган. 

Германияда чоп этилувчи нашрга кўра, савдолар ҳажми бевосита VW компаниясининг Франциядаги ваколатхонаси томонидан ошириб кўрсатилган. Фирма ҳисоботларини текширган аудиторлар эса “ёлғоннинг миси”ни чиқаришди. 

Автомобилларнинг катта қисми Volkswagen ҳужжатларида сотув қайд этилганидан ойлар ва йиллар ўтгач ҳисобга қўйилган. Бошқача айтганда ҳисоботларда анча кечроқ етказиб берилган машиналар ҳам қайд этилган. 

Бундай автомашиналар орасида VW моделлари қатори «Шкода», Audi ва Seat автомобиллари ҳам бўлган.

Reuters агентлигига кўра, концерн раҳбари Маттиас Мюллер 2017 йил апрелида компаниянинг ички текшируви натижалари бўйича ҳисоботни олган. Шундан сўнг, Франциядаги ваколатхона раҳбари Жак Ривоаль ишдан бўшатилган. Компаниянинг стратегик масалалар бўйича раҳбарияти ва Франциядаги бўлим ўртасидаги келишмовчилик бунга сабаб сифатида кўрсатилган эди. 

2017 йил январида Volkswagen компанияси 2016 йил якунларига кўра, энг йирик автомобилсозлик компанияси мақомини қўлга киритди. Расмий статистика маълумотларига мувофиқ, компания бир йилда 10 млн 312 минг 400 дона автомобиль сота олган. Концерннинг деярли барча брендлари ўсишни қайд этган.