Бир ой давомида 60 нафар қиз Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги CodeCraft дастурлаш курсларида бепул таълим олади. Бу ҳақида университет сайтида маълум қилинди

Мазкур таълим лойиҳаси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ташаббуси билан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорликда ташкил этилди.

Лойиҳа доирасидаги дарслар 10 июль куни бошланади. Дарслар 15 кишилик 4 гуруҳда икки соатдан ҳафтасига уч марта ўтказилади. Лойиҳа иштирокчилари “Scratch” тилида дастурлаш ва “MIT App Inventor” платформасидаги “Android” мобил иловаларини яратишни ўрганишади.

CodeСraft курслари раҳбари Нуриддин Нуримов шундай деди: “Мазкур қўшма лойиҳа қизларнинг салоҳиятини оширишга ва ахборот технологиялари соҳасида гендер тенгликни таъмирлашга қаратилган. Ҳозирда дастурлаш эркакларнинг касби деб қараладиган стереотип мавжуд. Қизлар ҳам яхши дастурчи бўлиши ва эркак дастурчиларга рақобат муҳитини яратиши мумкин”.

«Қизлар дастурлашни келажак касблари сифатида танлашса, фойда кўришади. Масалан, турмуш қурганларидан сўнг ёки бола парвариши вақтида, уйларидан туриб буюртмаларни бажаришлари ва пул ишлашлари мумкин. Бу орқали улар оила бюджетига маблағ келтириб, ўзларининг иқтисодий мустақиллигини таъминлашади», - деди у.

2015 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун “Codecraft” лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳанинг мақсади болажонларнинг барча салоҳиятларини рўёбга чиқариб, компьютерда ижодий ишларни бажаришга ўргатишдир.

Ҳозирда лойиҳа доирасидаги дастурлаш курслари “Scratch” тилида ўтилиб, “MIT App Inventor” платформасидаги “Android” мобил иловалари асосида веб-сайтларни яратиш ўргатилади.