Айни вақтгача Туркия террорчилик ташкилотлари билан алоқадорликда гумон қилинган 5 мингдан кўпроқ кишини депортация қилган. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Индонезия президенти Жоко Видодо билан бирга берган матбуот-анжуманда айтиб ўтди. 

Эрдўғаннинг айтишича, депортация қилинганлар орасида Жанубий Осиё давлатларидан чиққанлар ҳам бўлган. Яна 53 минг кишига Туркияга кириш тақиқланган.

Эрдўған Туркия Сурия томондан таралаётган террорчилик хавфини бартараф этиш бўйича қадамларга эътибор қаратди.

"Суриянинг Туркия билан чегарадош ҳудудлари ИШИД жангариларидан тўлиқ тозаланган. Бунинг эвазига 100 минг суриялик ватанига қайта олган", деб айтган Эрдўған.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, "Фрот қалқони" операцияси доирасида ИШИДнинг 3 мингдан кўпроқ жангариси, жумладан уларнинг етакчилари бартараф этилган.