Франция 2040 йилгача мамлакатда бензин ва дизелда ишловчи двигателли машиналарни сотишни тўхтатмоқчи. Бу ҳақда 6 июлда Франция атроф-муҳит вазири Николя Юло мамлакатнинг "Иқлим режаси" тақдим қилинган матбуот-анжуманда маълум қилди. 

"Биз 2040 йилгача бензин ва дизелда ишловчи машиналарни сотишдан воз кечишимизни эълон қиламиз", деб айтган Юло. Вазир бу қарор гибрид автомобилларга ҳам тааллуқли бўлиши бўйича аниқлик киритмаган.  

Юло Франция 2001 йилгача ишлаб чиқарилган, 20 ёшдан каттароқ дизель ва бензин автомобилларини ўзгартирмоқчи бўлганларга солиқ имтиёзлари таклиф қилишини таъкидлаб ўтди. 

"Бу қатъий чора. Бироқ Франция яшил иқтисодиётга эга биринчи рақамли давлат бўлмоқчи", деб айтган Юло.

5 июлда Volvo Car Group 2019 йилдан кейин фақатгина ички ёнув двигатели билан жиҳозланган машиналарни ишлаб чиқаришни тўхтатишини ҳамда электромобил ва гибрид-автомобиллар ишлаб чиқаришини эълон қилган биринчи йирик компания бўлди. "Бу келажакда электродвигателга эга бўлмаган автомобиль бўлмаслигини англатади", деб айтди Volvo бош директори Хокан Самуэльсон.

Электрокарлар 1980-йиллардан ишлаб чиқарила бошланган ва охирги ўн йил ичида оммавийлашган. Бироқ бу машиналар нархи баландлиги ва ҳаракатланиш диапазони чеклангани сабабли автомобиль бозорининг кичик қисмини эгаллайди. Ўтган йил электрокарлар савдоси АҚШ, Европа ва Хитойда 1 фоизга яқинни ташкил қилган.