GM-Uzbekistan тасарруфидаги корхоналарга уюштирилган пресс-тур давомида корхона бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистлар ва блогерларнинг электромобиллар ишлаб чиқариш борасидаги саволларига жавоб берар экан, жумладан, шундай деди:

“Бундай автомобиллар ишлаб чиқариш таннархи жуда қимматга тушади. Бу каби автомобилларни ишлаб чиқариш жуда ривожланган мамлакатларда амалга оширилмоқда”, - деди Рустам Ражабов. - “Мисол қилиб айтадиган бўлсак, Голландия 2025 йилдан кейин ички ёнув двигателли автомобиллардан бутунлай воз кечади. Бундай талабга уларнинг турмуш тарзи, структураси ва қўшимча имкониятлари жавоб беради”.

Рустам Ражабовнинг таъкидлашича, GM-Uzbekistan корхонасида бу йўналишда иш олиб борилмаяпти. Тақдим этилган маълумотларга кўра, корхонада алтернатив ёқилғида, яъни газда ҳаракат қилувчи автомобиллар устида иш олиб борилмоқда. Аниқроқ айтиладиган бўлса, энди корхонанинг ўзидан газда юришга ихтисослашган автомобиллар ишлаб чиқарилади.

“Ҳозирги, яъни бензинда юришга мўлжалланган автомобилларда газда ишлашга қўлбола усулда мослаштирилиши натижасида машина моторининг металлари жиддий емирилмоқда. Чунки бензин ва газнинг ёниш ҳарорати бўлакча, уларнинг мотор металига таъсири фарқланади. Оқибатда 10 йилга кафолатланган мотор, 2–3 йилга бориб ишдан чиқмоқда. Биз мана шуларни ҳисобга олган ҳолда, заводнинг ўзида газда юришга ихтисослашган автомобиллар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Бундай автомобиллар чидамлироқ мотор билан таъминланади. Шунингдек, бундай машиналарнинг орқа осмалари, амортизаторлари, пружиналари кучайтирилади”, деди  Рустам Ражабов.