Қашқадарё вилояти Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти юқори ҳудудларидан ҳисобланади. Воҳада энг илғор технологиялар билан жиҳозланган, самарали ишлаб чиқариш қувватларига эга корхоналар сони кўп. Ҳозирда ушбу корхоналар томонидан импорт ўрнини босувчи ва  экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Қайд этиш жоизки, воҳанинг экспорт салоҳиятини оширишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ҳам улуши юқори. Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти иштирок этган. Улар томонидан дунёнинг кўплаб мамлакатларига қарийб 11 миллион АҚШ долларлик мева-сабзавот, полиз маҳсулоти ва узум етказиб берилган. 

Айни кунда воҳа тадбиркорлари томонидан қовун маҳсулотлари экспорти авжида. Ўтган даврда қарийб 240 тонна сархил ва хуштам қовун маҳсулоти Россия Федерацияси ва Европанинг бошқа давлатларига экспортга чиқарилди. Бу ҳақда Вилоят божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.  

Шундай корхоналардан бири “Продук гроп бизнес” МЧЖ томонидан Россия Федерациясига 2000 тонна қовун экспорт қилиниши мўлжалланган. 

- Жорий йилнинг ўтган даврида россиялик ҳамкорларимизга 100 тоннадан зиёд қовун маҳсулотини экспорт асосида етказиб бердик, - дейди “Продук гроп бизнес” МЧЖ божхона ишлари бўйича масъул ходими Шукрулло Убойдуллаев. Божхона расмийлаштирувларини ўз иш жойимиздан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса бизнинг қимматли вақтимизни ҳамда энг асосийси ортиқча сарф-харажатларни тежашимизга катта ёрдам беряпти.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 июнда “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3077-сонли қарорининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига янада кенг имкониятларни тақдим этди, - дейди “Қашқадарё” ТИФ божхона пости катта инспектори Ғолиб Хақназаров. Сабаби, қарор билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини оширишга имконият яратади. Шунингдек, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга ҳам ҳисса қўшади.