Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду ўзининг Ибицадаги таътили вақтида «ПСЖ» клуби президенти Носир ал-Халайфий билан сирли равишда кўришган ва ўзининг жамоага ўтиши масаласини муҳокама қилган. Бу ҳақда Испаниянинг Okdiario нашри хабар тарқатди.

Манбага кўра, ал-Халайфий 32 ёшли футболчининг агенти Жорже Мендеш  ва «Реал» президенти Флорентино Перес билан яхши алоқада бўлиб келади. «ПСЖ» президенти Ибицадаги яхтасида Роналду билан кўришган ва унинг бўлажак трансфери масаласини муҳокама қилиб олган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Криштиану Роналду солиқларни бўйин товлашда айбланиб, қамоқ хавфи остида қолаётганди. Футболчи қамоқдан қутулиб қолиш мақсадида белгиланган 14,8 млн еврони тўлашга тайёрлигини билдирган. Шунингдек футболчи бу вазиятда клуб уни қўллаб-қувватламаётганидан норози бўлиб жамоани тарк этмоқчи эканини маълум қилганди.