Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов номидаги Асака автомобиль заводига уюштирилган пресс-тур давомида корхона бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов журналистлар ва блогерлар билан мулоқот давомида «Дамас» автомобилидан «тез ёрдам» машиналари сифатида фойдаланишга ўта ноқулайлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

«1996 йилда «Дамас» автомашинаси ишлаб чиқара бошлаганимизда собиқ иттифоқ давлатларида автосаноат парокандаликка учраб бўлган эди. Маълумки, ўшангача Рига автобус фабрикасининг РАФ микроавтобусларидан «тез ёрдам» сифатида фойдаланилар эди. Ўшанда мажбурликдан «Дамас» автомобиллари «тез ёрдам» машиналарига мослаштирилган. Албатта, бундай машиналардан илк тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш учун шифокорларнинг тезроқ етиб боришларида фойдаланиш мумкин. Бемор ташиш, операция қилиш бирмунча ноқулай», — деди Рустам Ражабов.

«Энди 2019 йилда Жиззахда Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive (UzPCA) қўшма корхонаси ишга туширилиши кутилмоқда. Янги заводнинг ишга тушиши билан Ўзбекистонда сифатли, қулай ва ихчам тез ёрдам машиналари билан боғлиқ муаммолар тўлиқ бартараф этилади. Чунки бу заводда асосан микроавтобуслар ва фургонлар ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда. Билишимча, бундай автомобиллар базасида илк тиббий ёрдамни кўрсатиш мумкин бўлган «тез ёрдам» машиналари билан бир қаторда зудлик билан операциялар ўтказиш имконини берадиган «реанимобиллар» ҳам ишлаб чиқарилади». — деди GM-Uzbekistan бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Айни пайтда Самарқанддаги «СамАвто» заводида тайёрланаётган «Исудзу» русумли турли автомашиналар орасида «Тез тиббий хизмат»га мослаштирилгани ҳам ишлаб чиқарилмоқда.