АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Киевга 9 июлдаги ташрифи доирасида Украина президенти Пётр Порошенкога Украина шарқидаги ихтилоф бўйича ўз нуқтаи назарини билдиради ҳамда бу масала бўйича кўпроқ маълумот тўплашга ҳаракат қилади, деб айтди АҚШ Давлат департаментидаги манба.

Унинг айтишича, Вашингтон Украинадаги вазиятни сиёсий ҳал қилиш бўйича Минск келишувларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва унга муқобил ечим борлигини кўрмайди.

"Давлат котиби Россия ва Украина рози бўладиган бошқа яхши вариант йўқлигини айтди. "Минск" – бизда мавжуд бўлган ечим ва биз уни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ бу агар мақсадга эришишнинг яхшироқ усули бўлса, бошқа опцияларни истисно қилмайди ва у Украина ва Россия томондан қабул қилинади", деб айтган манба.  

Амалдор Вашингтон "Норманд формати" ва Минск келишувларини қўллаб-қувватлаш вариантини кўриб чиқаётганини айтди.

Унинг айтишича, Тиллерсон Порошенко билан Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги борасида АҚШнинг ҳар томонлама кўмагини муҳокама қилмоқчи. Дипломатнинг таъкидлашича, АҚШ Киевга қирғин қуроли етказмоқчи эмас.  

Киев июнда 2-3 ой ичида АҚШ билан қурол-аслаҳа етказиш бўйича келишувни имзолашни мўлжаллаётганини айтганди. Кейинроқ Порошенко гап қирғин қуроли эмас, балки мудофаа қуроли ҳақида кетаётганини айтган.