Тожикистон ҳукуматининг шаҳардан ташқаридаги "Пугус" қароргоҳида Тожикистон, Афғонистон ва Покистон президентларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Унда президентлар Эмомали Раҳмон, Муҳаммад Ашраф Ғани ва Муҳаммад Навоз Шариф иштирок этди.  

Учрашувда CASA-1000 лойиҳасини амалга ошириш жараёнини тезлаштиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Тожикистон Республикаси (ТР) давлат раҳбарининг матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Шунингдек томонлар темир ва автомобиль йўллари қурилиши, ҳаво ва телекоммуникация алоқалари ривожи ва уч томонлама савдо-транзит келишувини имзолаш бўйича фикр алмашишди. 

Ҳамкорликда кўргазмалар, савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва инвестицион учрашувлар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди. 

Эмомали Раҳмон жорий йилнинг октябрида Душанбеда тожик қадимий байрами бўлган "Меҳргон"да Тожикистон, Афғонистон ва Покистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва халқ ҳунармандчилик намуналари кўргазмасини ташкиллашитиришни таклиф қилди. 

Томонлар шунингдек Афғонистондаги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши биргаликда курашиш имкониятларини муҳокама қилишди.