Икки томонлама ҳамкорлик дастурига биноан жорий йилнинг 18 июндан 24 июнига қадар “Ўзбекистон почтаси” АЖ Бош директори бошчилигидаги делегация Кореяда бўлиб қайтди. Бу ҳақида почта сайтида хабар берилди. 

Сафардан кўзланган асосий мақсад корейс ҳамкорлар билан Ўзбекистонда почта инфратузилмасини модернизация қилиш масалалари муҳокамаси ва ташкил этилган АКТга оид тренинг-курсларда қатнашишдан иборат эди.

Корея почтаси президенти жаноб Ким Кеэ Деок билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки давлат почта маъмурияти ҳамкорлиги истиқболлари борасида фикр алмашилди. Корейс томони ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда, тажриба алмашинуви ва “Ўзбекистон почтаси” мутахассислари малакасини оширишга ҳозирлигини изҳор этди. Ушбу масалалар сафар давомида имзоланган Меморандумда ўз аксини топди.

Тренинг-курсларда қатнашган Ўзбекистон почта соҳаси мутахассислари аҳолига кўрсатилаётган почта хизматларининг илғор услублари ва ушбу жараёнда замонавий АКТдан фойдаланиш ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.

Сеул шаҳрининг Марказий почта бўлими, Дейжон почта маркази ва Инчеон халқаро логистика марказига алоҳида сафар ташкил этилди. Бу ерда делегация аъзолари мазкур почта объектларининг почтани қабул қилиш, уни саралаш ва ички ҳамда чет эллардаги мижозларга етказиб бериш жараёнлари билан танишишди. Корейс мутахассисларининг фикрича, Корея почтаси фаолиятининг деярли барча йўналишларида қўлга киритилган ютуқлар боиси АКТнинг почта соҳасига ўз вақтида ва кенг жорий этилишидир.