2017 йилнинг 7 июль куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Нотариат идоралари халққа хизмат қилиши керак” жамоатчилик фикри сўрови натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Анвар Усманов, вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Ином Қудратов, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Сафаев ҳамда Тошкент вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Лазиз Мусашайховлар ОАВ вакиллари саволларига жавоб қайтарди.

Тадбир давомида Кун.uz мухбири баъзи нотариат идораларида банкдаги терминал вақтинчалик ишламаганини баҳона қилиб, фуқаролардан тўлов учун нақд пул олиниши, айрим ҳолларда эса ҳужжатда белгилангандан кўпроқ ҳақ сўраш ҳолатлари учрашини қайд этган ҳолда яқин кунларда бу каби муаммоларга қандай тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳақидаги савол билан мурожаат қилди. 

“Албатта, нотариуслар фаолиятида юқорида қайд этилган ҳолатлар учраётгани бизга сир эмас. Барчага маълумки, ҳар бир нотариат идоралари қошида “Халқ банки” кассалари мавжуд. Тўлов фақат мана шу банкдаги кассаларда нақд пул ёки терминал орқали қабул қилинади. Нотариус ходимларининг фуқаролардан қўлига пул олишга ҳақи йўқ. Уларнинг нақд пул талаб қилишга ҳам ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Агарда банк ходимлари тўловни терминал орқали қабул қилишдан бош тортса, бундай ҳолатларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади”, дея жавоб берди Адлия вазири ўринбосари Анвар Усманов. 

Шунингдек, вазир ўринбосари юқоридаги кўнгилсиз ва муаммоли ҳолатларга дуч келувчи фуқаролар учун вазирликнинг ишонч рақамини маълум қилди: 1008.

Агарда нотариат идоралари ходимларининг ўз вазифаларини суиистеъмол қилиши ёки фуқаролардан ортиқча пул талаб қилиши ҳолатларига дуч келсангиз, Адлия вазирлигининг ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, мурожаат этишингиз мумкин.